Беш йил давомида кучли таъсир қилувчи дориларни контрабанда йўли билан олиб кириб, сотиб келганлар қўлга олинди
«Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида Фарғона вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Қўқон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 1997 йилда туғилган, аввал ҳам шу турдаги жинояти учун икки марта судланган аёл қўлга олинди. Аниқланишича, у 2006 йилда туғилган қариндоши билан яшаш хонадони ертўласидаги махсус яширин жойда сотиш мақсадида 400 дона «Тропикамид» ва 14 дона «Регапен» дори воситаларини сақлаб келган.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, уларнинг яна бир шериги ҳам ушланди. 1993 йилда туғилган, аввал ўғрилик жинояти учун судланган шахс бошқарувидаги Gentra автомобили текширилганда, тарқатиш учун олиб кетаётган яна 600 дона «Тропикамид» аниқланиб, ашёвий далиллар сифатида расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар суриштирувларда ушбу шахс сўнгги беш йил давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини чет давлатдан контрабанда йўли билан олиб кириб, ноқонуний тарқатиб келгани маълум бўлди.
Натижада жами 1000 дона «Тропикамид» ва 14 дона «Регапен», яъни 12 514 дозага тенг кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомалага чиқарилишининг олди олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 276-прим 6-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига оид шубҳали ҳолатлар ҳақида «Stopnarkobot» Telegram канали ёки ишонч телефонлари орқали хабар беришга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter