Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Махсус сигналларни ёққан ҳолда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланган тонировкали «Lacetti-2» эгаси ушланди

Махсус сигналларни ёққан ҳолда қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланган тонировкали «Lacetti-2» эгаси ушланди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда қора рангли «Lacetti-2» русумли автомобиль қарама қарши йўналишдан ҳаракатланганлиги акс этган иккита видео тарқалди.

Ўтказиб юборишдан бош тортган ҳайдовчиларга жавобан, «Lacetti-2» ҳайдовчиси махсус ёритувчи ва товуш сигналларини ёққан, дея ёзади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Мазкур автомобиль Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан топилган. Уни 21 ёшли Муҳиддинжон С. бошқарган. Ҳайдовчида автомобиль ойналарини қорайтиришга рухсат бўлган, аммо махсус ёритувчи ва товуш чиқарувчи қурилмаларни ўрнатишга эса рухсати бўлмаган.

«Эслатиб ўтамиз, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш – ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» дейилади хабарда.

Муҳиддинжон С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ («Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш»), шунингдек 128-5-моддасига («Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши») бўйича баённома расмийлаштирилди. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ, қоидабузарнинг транспорт воситаси жарима майдончасига жойланди. Ҳайдовчига нисбатан чора бўйича қарор суд томонидан қабул қилинади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг