Бир йилда 2,6 млн психотроп восита тарқатиши мумкин бўлган тармоқ фош этилди
2026 йил апрель ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан уюшган наркожиноятчилик ва жиноий гуруҳларга қарши кенг кўламли тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада 23 та уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, наркотик моддалар тарқатиш билан шуғулланган 13 та уюшган наркожиноий гуруҳ фош этилган. Тезкор тадбирлар давомида 2 нафар гуруҳ етакчиси ва 35 нафар аъзо қўлга олинган.
Шунингдек, 4 та яширин нарколаборатория, 1 та интернет орқали ишлаган наркодўкон ва халқаро даражадаги назорат остида етказиб бериш схемаси аниқланган.
Тадбирлар давомида – 285 килограмм анъанавий наркотик моддалар, 410 минг дона психотроп дори воситалари ҳамда 42 литр ноқонуний прекурсорлар мусодара қилинди.
Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур жиноий тармоқлар орқали бир йил ичида 2,6 миллион дона психотроп восита, 1,4 тонна «гашиш» ва «опий» ҳамда катта миқдорда синтетик наркотиклар тарқатилиши мумкин бўлган.
Бундан ташқари, уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида яна 10 та йирик жиноий гуруҳ фаолиятига барҳам берилди. Уларнинг 10 нафар етакчиси ва 50 нафар аъзоси ушланган.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу гуруҳлар 17 та шаҳар ва туманда тадбиркорларга босим ўтказиш, талончилик, безорилик, ўғрилик ҳамда оғир тан жароҳати етказиш каби жиноятларни содир этиб келган.
Шунингдек, операциялар доирасида Тожикистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда халқаро тезкор тадбир ҳам амалга оширилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter