Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода «ДХХ ходими»га ҳукм ўқилди

Бухорода «ДХХ ходими»га ҳукм ўқилди

Фото: «Feeds.az»

Когон шаҳрида яшаган Байрам Ҳодиев (исми-шарифи ўзгартирилган) муқаддам 6 маротаба судланган, ҳаммасида бир хил айблов билан: фирибгарлик! Охирги маротаба 2016 йил 4 октябрда фирибгарлик учун 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, 2018 йил 16 май куни ўталмай қолган жазони ўташдан муддатидан аввал шартли озод қилинган эди.

Ўрганган кўнгил ўртанишни қўймас экан-да, йўқса, бир жиноят орқасидан шунча марта жавобгарликка тортилган Байрам Ҳодиев яна шу қилмишга қўл урармиди?

Озодликка чиққанидан уч-тўрт ой ўтиб-ўтмай, Насиба Ниёзова деган аёлни чув туширди. Қандай қилиб? Одамларни «ухлатавериб-ухлатавериб», ёлғончиликни санъат даражасига етказиб қўйган Байрам аёлга ўзини ДХХ ходими деб таништиради. Ишонмай кўринг-чи?! Сўнг Бухоро тумани ҳудудида намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлардан олиб беришни ваъда қилиб, 18 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.

Иш ҳолатларига кўра, аёл бу пулларни акаси билан бирга уй сотиб олиш мақсадида ўнлаб йиллардан бери йиғиб келаётган экан.

Катта миқдорда пулни қўлга киритган Б.Ҳодиев шундаям тўхтамади. Кўп ўтмай, Дилшод Фозиловнинг ишончига кирди. Бироз синашта бўлишгач, уни пора эвазига ДХХга ишга жойлаш имкониятига эга эканини айтди.

Бироқ Дилшод ҳам анойилардан эмас экан. «Ҳожатбарор» ҳақида керакли жойга хабар берди. Натижада Б.Ҳодиевнинг бу галги «ови» ўхшамади: 2018 йил 27 ноябрь куни соат 17:30 ларда Когон шаҳридаги «Ўзтемирйўл йўловчи» АЖнинг Бухоро филиалига қарашли автотураргоҳда хамир учидан патир тариқасида 15 000 000 сўм пулни олаётган пайтда қўлга олинди.

Қанчага «кесилди»?

А-анчага!

Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ҳукми билан унга 9 йил 6 ой муддат озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Зариф Шеров,
жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди раиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг