Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Низомий»да нималар бўляпти?

«Низомий»да нималар бўляпти?

Аввалига телеканалларнинг бирида «Адолатни тиклашга нега қаршилик қилинмоқда?» мазмунида лавҳа эфирга узатилди. Унда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети раҳбарияти томонидан шу даргоҳ ходимларидан бирини ишга тиклашга оид суд қарори ижроси пайсалга солинаётгани, Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани айтилади.

Кўп ўтмай, веб-сайтларнинг бирида унверситетнинг мазкур лавҳага муносабати чоп этилиб, унда (лавҳада) олий ўқув даргоҳи раҳбарияти шаънига салбий таъсир кўрсатувчи маълумотлар айтилгани таъкидланади ва ижро иши бўйича ўз нуқтаи назарини билдириш жараёнида МИБ ходимларига ижрони вақтинча тўхтатиб туриш ва бошқа мазмундаги мурожаатлари жавобсиз қолдирилгани урғуланади.

«Xabar.uz» сўровига жавобан МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Марғуба Амонова ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди. Унга кўра, шов-шув учун жиддий сабаб йўқ, аслида. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судининг 20.08.2020 йилдаги 2-1004-2002/3691-сонли ижро варақасига асосан Ш.Р. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига эгаллаб турган лавозими ёки унга тенг бошқа лавозимга ишга тикланиши керак.

Маълумки, МИБда суд ҳужжатлари муҳокама қилинмайди, балки ижро этилади. Шунга асосан ижро ҳужжатлари келиб тушган куннинг эртасига (21.08.2020 й.) ижро иши қўзғатилиб, Тошкент давлат педагогика университетига топширилган. Унверситет Ш.Р.ни негадир Хўжайли хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми директорининг ўринбосари лавозимига ишга тиклаган. Ш.Р. бунга рози бўлмайди ва яна судга мурожаат қилади.

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро суди Ш.Р.ни аввалги лавозими, яъни «Хорижий тиллар 1» кафедра мудири лавозимига ёки унга тенг айнан Тошкент давлат педагогика университетидаги бошқа лавозимга ишга тикланиши лозимлиги ҳақида ажрим чиқаради.

Қонунга кўра, ишга тиклашга оид ижро ҳужжатлари дарҳол ижро қилиниши керак. Бунда суд ҳужжати апелляция ёки кассация босқичидан ўтиб, қонуний кучга кириши кутилмайди.

Иккинчидан, унверситет раҳбариятининг ижро ишини маълум вақт тўхтатиб туришини сўраб, МИБга мурожаат қилишида мантиқ йўқ. Ижро ҳужжатлари фақат суд томонида тўхтатилиши мумкин. Шундай экан, ижро ишларини тўхтатиш масаласида судга мурожаат қилиш тавсия этилади. Давлат ижрочисининг қўлида ишни вақтинча тўхтатиш ҳақида ваколатли органнинг ҳужжати йўқ экан, у ижро ҳаракатларини давом эттиришга мажбур. 

Шу боис давлат ижрочиси Ш.Р.ни, суд ажримида кўрсатилганидек, кафедра мудири лавозимига ёки унга тенг Тошкент давлат педагогика университетидаги бошқа лавозимга зудлик билан ишга тиклаб, тегишли ҳужжатлардан нусхалар бериш, акс ҳолда, маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда маъмурий судга тақдимнома киритилиши тўғрисида хат берган.

Бор гап шу.

Ҳозирги кунда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг