Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Қўлим қонга ботди, одам ўлдирдим...»

«Қўлим қонга ботди, одам ўлдирдим...»

Иллюстратив фото

...Судланувчи марҳумани шаърий никоҳдаги хотиним, дейди. Биласиз, «шаърий никоҳ»нинг ҳеч қандай ҳуқуқий  қуввати йўқ. Шу сабаб буни қонунчилар «ноқонуний никоҳ» дейишади. Бироқ «ноқонуний никоҳ» учун қонунчиликда жавобгарлик йўқ. Боисики, масала  ўта хусусий — инсоннинг шахсий ҳаётига дохил, яъниким, кимда кимнинг кўнгли бўлса, қўяверинг, ўйнасин...

Шу сабаб шахсий ҳаётга бировнинг аралашишини қонун кўпам кўтаравермайди. Тўғри, Жиноят кодексида қўшхотинлик учун жавобгарлик бор. Шахсни қўшхотинликда айблаб, жавобгарликка тортиш учун у бир уйда, битта ҳовлида икки ва ундан кўпроқ аёл билан эр-хотин бўлиб яшаётган бўлиши керак. Шундагини жиноий ҳолат юзага келади. Ҳозирги кунда айрим валломатлар бир аёлини шаҳарнинг бу чекасига, бошқаси  нариги чеккасига жойлаб яшайдики, бу турмушлар «битта том остида» кечмаётгани учун ҳам амалиётда «қўшхотинлик» айби билан жавобгарликка тортилаётганлар йўқ даражада. Шунақа, ИИВ мутасаддиси нолигандек, «лазейкалар» фақат пойтахт пропискасида ўтиш билан боғлиқ ҳуқуқий ҳужжатлардагина учрамайди,  қидирсангиз қонунчиликнинг бошқа йўналишларидан ҳам исталганча «туйнук» топилиши мумкин.

Бир мавзуда гап очиб, бошқасига ўтиб кетилди, узр.

Гап судланувчининг марҳумани «шаърий хотиним» деяётгани эди. Судланувчи ким? Тоҳир Адилов (исми-шарифи ўзгартирилди). У қандай жинояти учун суднинг қора курсисида ер чизиб ўтирганини  илғаётгандирсиз: «марҳума» сўзи ишлатилдими, демак, қилмиши оғир: қотиллик!

Тоҳир Адилов марҳума Солия Олимова билан пинҳона бир ёстиққа бош қўйгани рост. Муносабатларни ҳалоллаб қўйиш учун никоҳ ўқитган бўлса, ўқитгандир. Бироқ бунақа  «ҳалоллик» фақат тўшак учун эмас-да.

Хуллас, «икки ёш»нинг бахтиёр кунлари кўпга чўзилмайди. Муносабатларга дарз кетиб, охири йўллар айро тушишгача етади.

Ўтган йилнинг 15 декабрь куни, қоқ ярим тунда Солияни Навоий шаҳридаги «Анҳор» қаҳвахонаси олдига чақирган Тоҳир аввалига бир пиёла чой ичишни таклиф қилади. Бироқ вақт алламаҳал бўлиб, кафелар ёпилаётгани боис йўлни Карманага қараб солади. Овлоққина жой топиб, ўзлари билан олиб келган спиртли ичимликни «майдалаш» асносида эркак «яраш-яраш»га ҳаракатига тушади.

Охирги жанжалдан сўнг аёлнинг батамом кўнгли совуганми, муросага бормайди. Аксинча, ришталарни тамоман узишдан бошқа йўл қолмагани, бошқа бир эркак билан топишиб-ёпишиб юрганини очиқ ойдин айтади. Турган гап, бундан Тоҳир бутунлай ўзини йўқотади. Унинг қутуриб кетишига савил ичкилик яхшигина таъсир қилганини таъкидлаш ортиқча.

Бунинг оқибати даҳшатли якун топди: аёлнинг бошқа билан топишиб олганини ҳазм қилолмаган Тоҳир ёнида бўлган пичоқни Солиҳанинг бўйнига тортворади!

Аввалига воқеа жойидан яширинган Тоҳир Адилов узоққа боролмаслигига кўзи етиб, ўз оёғи билан Ички ишлар идорасига келди: «қўлим қонга ботди, одам ўлдириб қўйдим...»

...Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси ўринбосари Шуҳрат Камоловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, судланувчининг айби унинг иқрорлик кўрсатмаларидан ташқари, жиноят ишида текширилган далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддасининг 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан айбли деб топиб, шу модда билан 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг