Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улушли қурилишда янги талаблар жорий этилмоқда

Улушли қурилишда янги талаблар жорий этилмоқда

Фото: Xabar.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қайд этилишича, кейинги йилларда мамлакатда қурилиш ҳажми кенгайиб, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари жадаллашди. Шу билан бирга, айрим объектларнинг белгиланган муддатда фойдаланишга топширилмаётгани ҳамда улушли қурилиш муносабатларини алоҳида қонун билан тартибга солиш зарурати мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишга асос бўлган.

Қонун лойиҳаси билан улушли қурилиш соҳасидаги муносабатлар, давлат органлари, қурувчилар, банклар ва улушдорларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағларини қурилишга жалб қилиш тартиби ҳам қонун даражасида мустаҳкамланиши назарда тутилган.

Лойиҳада фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини ҳимоя қилишнинг янги молиявий механизми таклиф этилмоқда. Унга кўра, маблағлар тўғридан-тўғри қурувчи ихтиёрига ўтмайди, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағида сақланади.

Қурилиш белгиланган талабларга мувофиқ якунланиб, объект фойдаланишга топширилгандан кейингина маблағлар қурувчига ўтказилади. Шунингдек, қурувчи аҳоли маблағларини жалб қилиши учун Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган бўлиши шартлиги белгиланмоқда. Бундан ташқари, улушли иштирок шартномаси нотариал тасдиқланиб, давлат рўйхатидан ўтказилади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, қурувчи қонун талабларини бузган ҳолда маблағ жалб қилса, улушдор маблағни қайтаришни ҳамда ундан фойдаланилган давр учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Талаб бажарилмаган тақдирда, фуқаро судга мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, қурилишнинг тўхтаб қолишининг олдини олиш учун ваколатли банк ёки қурувчини алмаштириш, қурилишни узлуксиз молиялаштириш механизмлари ҳам назарда тутилмоқда. Барча маълумотлар Ягона ахборот тизимида эълон қилиниши, улушли қурилиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланиши таклиф этилган.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг