Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда ҳалол сертификатини берадиган компания рўйхатга олинди

Ўзбекистонда ҳалол сертификатини берадиган компания рўйхатга олинди

Шу йилнинг 11 июн куни Голландиянинг «Halal Correct Certification BV» компанияси бош менежери Абдулфаттоҳ Али Салаҳ бошчилигидаги делегация Наманган вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф Ўзбекистоннинг Бенилюкс иқтисодий уюшмасига кирувчи давлатлардаги элчихонаси томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 28 феврал – 1 март кунлари Наманган вилоятига амалга оширган сафари чоғида берган топшириқларини бажариш доирасида ташкил этилди.

«Halal Correct Certification BV» Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларида кушхоналар ва озиқ-овқат саноати корхоналарини сертификатлаштиради ва ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқаришда тегишли жараёнларни қўллаш соҳасида тан олинган эксперт ҳисобланади.

Ташриф чоғида Голландия делегацияси вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан қабул қилинди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида «Halal Correct Certification Uzbekistan» компанияси рўйхатдан ўтказилди. Компания лаборатория текширувларини ўтказиш ва «Halal», «Organic», «Global GAP» сертификатларини беришга оид амалдаги қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда маҳсулотларни сертификатлаштириш учун ташкил этилди.

Музокараларда таъкидланганидек, ҳалол маҳсулотларни ишлаб чиқариш нафақат ҳудудларда, балки бутун республикада қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун истиқболли имкониятларни тақдим этади ва ташқи бозорларга чиқишга шароит яратади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг