Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода мулкдорлар жойи қаровсиз, уй-жой қуриш учун берилган ер эса харобазор

Бухорода мулкдорлар жойи қаровсиз, уй-жой қуриш учун берилган ер эса харобазор

Бухорода мулкдорлар томонидан узоқ йиллардан буён фойдаланилмай келинаётган бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар қаровсиз ва хароба аҳволга келиб қолмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси Xabar.uz'га маълум қилди.

Билдирилишича, Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан вилоят ҳудудида 3209 та қурилиши тугалланмаган ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари хатловдан ўтказилган. Шундан 1226 нафар мулкдор томонидан хусусийлаштирилган, аммо бўш турган объект негизида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш таклифини бермаган.

Уларга нисбатан вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 4 сентябрдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3928-сон қарорига мувофиқ, солиқларни оширилган ставкалар бўйича ҳисоблаш чоралари кўрилган. 1000 дан ортиқ корхонага мол-мулк ва ер солиқлари 2 карра, 41 та корхонага 5 карра миқдорда ва 6 та корхонага 10 карра миқдорда жами 10 миллиард сўм қўшимча солиқлар ҳисобланган.

Когон шаҳрида фаолият юритаётган «Муҳаррам» хусусий корхонасига тегишли 80 сотхли ер майдонлари узоқ йиллардан буён қаровсизлик оқибатида ачинарли аҳволга келиб қолган. Бегона ўт, ҳашак ва темир-терсак чиқиндиларига тўлиб кетган. Бор-йўғи, 126 кв.м.ер майдонидагина иншоот тикланган.

— Мазкур хусусий корхонага нисбатан таъсирчан солиқ чоралари қўлланиладиган бўлди, — дейди Когон шаҳар ДСИ масъул ходими Суръат Бозоров. — Аниқроғи, «Муҳаррам» хусусий корхонасига Идоралараро комиссияси томонидан объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифларни тақдим этиш ҳақида юборилган сўровномага мулкдор 2 ойлик муддатда «Йўл харитаси» кўринишида унга жавоб бериши керак эди. Афсуски, корхона раҳбари қонун турткисини кутгандек, фойдаланилмаётган объект фаолиятини тиклашнинг аниқ муддатлари ва молиялаштириш манбаларини кўрсатмаган. Натижада, ушбу корхона мол-мулк ва ер солиқларини 2 карра миқдорда тўлашга ўтказилган.

Тадбиркор Азиз Калонов томонидан ҳам Когон шаҳар марказидаги 3 сотихли ер майдонида савдо мажмуаси биносини қуриш ишларини бошлаганига бир неча йил бўлган. Қаровсиз ва ташландиқ аҳволда. Мол-мулк ва ер солиқларини 2 карра миқдорда тўлаб келмоқда. Огоҳлантиришларга қарамай, эътиборсиз қолдириб келаётганини тадбиркор қуйидагича изоҳлайди:

— Соғлигим ёмонлашгани сабабли обод қилишим ва тадбиркорлик субъектини ривожлантиришим керак бўлган ер майдони эътиборимдан четда қолганини яширмайман. Айни пайтда 5 карра миқдорда мол-мулк ва ер солиғини тўлаш чоралари белгиланиши мумкин бўлган давр учун икки ой муҳлат қолди. Камчиликларни тузатиб, муаммоларни бартараф этаман, — дея одатий фикр билдириб қўя қолди Азиз Калонов.

Худди шунингдек, Когон тумани «Туткунда» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Когон раво йўли» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анвар Амонов 3 сотхдан ортиқ майдонга эгалик қилади. Ўзибўларчилик оқибатида янги тикланаётган объект чиқиндилари ҳам бўш майдонда совуқ кунлардан буён «музлатиб» қўйилган. Нохуш ва ёқимсиз манзара маҳалла вакилларини ҳам ташвишлантирмаган. Ўз мулкига бефарқ мулкдор ҳатто, тикланаётган бино-иншоот ҳам фойдаланишни эплай олмаган.

Шу ҳудуддаги «Турон қурилиш монтаж» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Хайрулла Зикриллоев эса қонун турткисидан тўғри хулоса чиқармаган. Мулкдор солиқларни 5 карра миқдорда тўлашга ўтказилади.

«Автолен» масъулияти чекланган жамиятининг 1 гектардан ортиқроқ бўш турган ер майдони Идоралараро комиссиясининг хатловидан сўнг бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган объект, деб топилган. Бу ҳақда тадбиркорга белгиланган тартибда огоҳлантириш ҳам берилган.

— Давлат солиқ хизмати ходимлари менга эгалигимдаги бўш турган ер майдонидан самарали фодаланишни йўлга қўйишим зарурлигини, акс ҳолда ортиқча чиқимга қолиб, солиқларни орттирилган ставкада тўлашимни тушунтиришди, — дейди «Автолен» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Элёр Эргашев. — тўғриси, эронлик инвесторлар билан ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш объектини барпо этиш ва уни ишга туширишни кўзлаб турган эдик. Энди шу ишларни тезлаштираман.

Таажжубланарлиси, бундан ачинарли ҳолатни Бухоро шаҳрида ҳам кузатиш мумкин. Юзлаб, минглаб фуқаролар уй-жойга, яшаш манзилига муҳтож бўлиб турган бир даврда айрим фуқаролар томонидан уй-жой қуриш учун берилган ер майдони харобазор ҳолга келиб қолган. Фуқаро Бахтиёр Зарипов, Муяссар Салоҳиддинова ва Муборак Ҳамроеваларга 2009 йилда Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган. Шунча вақт ўтганига қарамай, бу ерда қурилиш ишлари амалга оширилмаган. Эътиборсизлик туфайли қаровсиз ерлар чиқиндихонага айланган.

Фуқаро Ҳамро Намозов эса зарур рухсатномани олмасдан ёхуд шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини писанд қилмай, маҳалладаги эски қабристон ҳудудида ўзбошимчалик билан иморат қуришни бошлаган.

— Ушбу фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 декабрдаги «Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 272-сонли Қарорига мувофиқ, якка тартибда уй-жой қуриш учун берилган ер участкасини берилган кундан бошлаб, уч йил мобайнида ўзлаштиришни бошлашга, қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан тасдиқлангандан кейин бир ой мобайнида уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Бухоро шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига мурожаат қилишлари шарт эди, — деди Бухоро вилояти ДСБ Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи Баҳодир Файзиев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг