Сурхондарё ва Бухорода ишга жойлаштиришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида ишга киритиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган текширувларда айрим шахслар давлат тиббиёт муассасаларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, фуқаролардан катта миқдорда пул олгани аниқланган.
Жарқўрғон туманида ўтказилган терговга қадар текширувда тез тиббий ёрдам станциясининг собиқ ходими тўрт нафар фуқарони мазкур муассасага ҳайдовчи лавозимига ишга киритиб қўйишини айтган. У шу йўл билан улардан жами 3 400 АҚШ долларини олгани маълум бўлди.
Текширув давомида ушбу маблағнинг 600 АҚШ доллари қайтарилгани процессуал тартибда расмийлаштирилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган текширувда ҳам шунга ўхшаш ҳолат аниқланган.
Маълум бўлишича, фуқаро Н.Ж. икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали вилоят Перинатал маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалига ҳамшира сифатида ишга жойлаштиришни ваъда қилган.
У мазкур хизмат эвазига фуқаролардан 3 300 АҚШ доллари ва 9,7 миллион сўм олгани аниқланган. Текширув материаллари асосида ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Ҳар икки ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter