Кибержиноятчилар нега айнан кексаларни нишонга олмоқда?
Дунё бўйлаб кибержиноятчилар томонидан кексаларни нишонга олиш ҳолатлари тобора ортиб бормоқда. Сунъий интеллект ёрдамида овозни тақлид қилиш, сохта банк ходими ёки қариндош сифатида алдаш каби усуллар катта ёшли инсонларнинг ишончи ва ҳиссиётидан фойдаланишга қаратилмоқда. Мутахассислар бугун кексаларни рақамли фирибгарликдан ҳимоя қилиш шунчаки ижтимоий масала эмас, балки долзарб хавфсизлик вазифасига айланганини таъкидламоқда.
“HousingWire.com” платформаси томонидан тақдим этилган 2025 йилги таҳлилий маълумотларга кўра, кибержиноятчилик оқибатида 60 ёшдан ошган 201 мингдан ортиқ фуқаро жабрланган ва етказилган умумий моддий зарар 7,75 миллиард доллардан ошган. Бу рақамлар рақамли фирибгарлик ва сунъий интеллект технологиялари ёрдамида амалга оширилаётган жиноятлар кўлами қандай кенгайиб бораётганини яққол кўрсатади. 2026 йилга келиб эса кибержиноятчилар анъанавий SMS-фишинг усулларидан воз кечиб, инсон психологиясига таъсир қилувчи янада мураккаб ва тизимли манипуляция усулларини қўллашга ўтмоқда.
Бу муаммо нафақат жаҳонда, балки Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда мобил банк хизматлари, пул ўтказмалари ва интернет орқали тўлов тизимлари жадал ривожланди. Бироқ аҳолининг барча қатламлари ҳам бу ўзгаришларга бир хил тезликда мослаша олмаяпти. Айниқса, кексалар орасида рақамли хавфсизлик бўйича билимлар ҳали етарли эмас. Телефондаги маблағни ҳимоя қилиш, махфий кодларни сақлаш ёки алдов схемаларини ўз вақтида англаш кўникмалари кўп ҳолларда шаклланмаган.
Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, фирибгарлар халқимизга хос меҳр-оқибат, ишонч ва ўзаро ҳурмат каби қадриятлардан ҳам усталик билан фойдаланмоқда. Кексалар кўпинча давлат идоралари, банк ходимлари ёки ҳуқуқ-тартибот вакилларига катта ишонч билан қарайди. Шу сабабли жиноятчилар ўзини банк ходими, ички ишлар идораси вакили ёки ҳатто яқин қариндош сифатида таништириб, уларнинг ишончига киришга ҳаракат қилади. Айниқса, “фарзандингиз бахтсиз ҳодисага учради”, “пластик картаингиз блокланди” ёки “зудлик билан пул ўтказиш керак” каби шошилинч ва қўрқув уйғотувчи хабарлар орқали руҳий босим ўтказилади. Бундай пайтда кексалар саросима туфайли тўғри қарор қабул қилолмай, махфий маълумотларини ошкор қилиб қўйиши ёки ўз жамғармасини фирибгарларга топшириб юбориши мумкин.
Ўзбекистонда оилавий қадриятлар ва қариндошлик ришталари мустаҳкамлиги ҳам кибержиноятчилар учун таъсирчан воситага айланмоқда. Бугунги кунда махсус дастурлар орқали инсон овозини сунъий равишда тақлид қилиш технологиялари оммалашиб бормоқда. Бу эса кексалар учун хавфни янада кучайтирмоқда. Чунки фарзанди ёки неварасининг йиғлаб, ёрдам сўраб қилган мурожаати улар учун шубҳасиз ҳақиқатдек қабул қилинади.
Масалан, Тошкент шаҳрида яшовчи 72 ёшли аёлга тун ярмида қўнғироқ бўлиб, гўшак ортидан Россияда ишлайдиган ўғлининг йиғлаётган овози эшитилади. Фирибгарлар овозни ўзгартириш дастури орқали унинг ўғли одам уриб юборгани ва қамоқдан чиқариш учун шошилинч пул кераклигини айтади. Саросимага тушган онахон тўй учун йиғиб қўйган 4,5 минг АҚШ долларини дарвоза ташқарисида кутиб турган шахсга топшириб юборади. Самарқанд вилоятида эса 68 ёшли отaxon ижтимоий тармоқ орқали келган неварасининг овозли мурожаатига ишониб, пенсия маблағини бошқа ҳисоб рақамига ўтказиб юборган. Кейинчалик маълум бўлишича, фирибгарлар унинг интернетдаги эски овоз ёзувлари асосида янги мурожаат яратган. Бу ҳолатлар кибержиноятчилар кексаларнинг оилага садоқати ва ишончидан қандай фойдаланаётганини кўрсатади.
Тошкент амалий фанлар университети Психология кафедраси профессори, психология фанлари доктори Муяссар Ахмедова фикрича, муаммонинг яна бир оғриқли жиҳати — алдов қурбони бўлган кексаларнинг бу ҳақда очиқ гапирмаслигидир.
— Бизнинг жамиятда “алданиб қолиш” баъзан уят ёки соддалик белгиси сифатида қабул қилинади. Шу сабабли айрим кексалар фарзандлари олдида хижолат бўлишдан ёки “эътиборсиз бўлибди” деган гапдан қўрқиб, яқинларига ҳам, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳам мурожаат қилмайди. Натижада кўплаб жиноятлар яширин қолиб кетади ва фирибгарлар жазосиз ҳаракат қилиш имконига эга бўлади, — дейди мутахассис.
Бугунги кунда мазкур хавфга қарши курашиш бўйича Ўзбекистонда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ва Марказий банк ҳамкорлигида шубҳали пул ўтказмалари ва фирибгарлик ҳолатларини аниқлаш тизимлари такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, маҳаллаларда кексаларга пластик карталардан хавфсиз фойдаланиш, телефон орқали келадиган махфий кодларни ҳеч кимга айтмаслик бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Бироқ мутахассислар фикрича, тез ўзгараётган технологиялар шароитида фақат анъанавий тушунтириш ишларининг ўзи етарли эмас. Давлат, банклар ва ҳар бир оила кибержиноятчиларга қарши биргаликда ҳаракат қилиши лозим. Энг муҳими, алдов қурбони бўлган кексаларни айблаш эмас, балки уларни ҳимоя қилиш маданиятини шакллантириш зарур. Зеро, кексаларнинг ишончи ва меҳрибонлиги фирибгарлар қуролига эмас, жамият ҳимоя қиладиган қадриятга айланиши керак.
Нозим Бўронов, тадқиқотчи журналист


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter