Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирус вакцинасини ўғирлашга уриниш. АҚШ ва Хитой ўртасида янги можаро юзага келди

Коронавирус вакцинасини ўғирлашга уриниш. АҚШ ва Хитой ўртасида янги можаро юзага келди

Фото:«Google Images»

АҚШ ҳукумати 22 июль куни Хитойнинг Хьюстондаги (Техас штати) консулхонаси 72 соат давомида ёпилишини маълум қилди.

Бунга қадар хитойлик ҳакерлар Covid-19 вакцинасини ўғирлашга уринишда айбланган эди. Қўшма Штатлар адлия вазирлигига кўра, Хитойнинг икки фуқароси коронавирусга қарши вакцина устида тадқиқот олиб бораётган лабораториянинг компьютер тармоғини бузиб киришга ҳаракат қилган. Қайд этилишича, икки ҳакер Хитой ҳукумати дастагида бошқа ўғирликларга ҳам қўл урган.

Давлат департаменти Хьюстонда фаолият юритиб келган хитойлик дипломатларни виза беришда фирибгарлик ва саноат жабҳасида жосусликда ҳам айблаган. Консулхонани ёпиш ҳақидаги қарор мамлакат интеллектуал мулкини муҳофаза этиш мақсади билан изоҳланган.

Президент Дональд Трамп журналистлар саволларига жавоб берар экан, Хитойнинг АҚШ ҳудудидаги бошқа дипломатик ваколатхоналари ёпилишини ҳам истисно этмади.

Айни пайтда Вашингтонда Хитой элчихонаси, Нью-Йорк, Чикаго, Сан-Франциско, Лос-Анжелес ва Хьюстон шаҳарларида эса мазкур мамлакат консулхоналари фаолият юритмоқда.

Расмий Пекин Вашингтонни сиёсий провокацияда айблади. Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь консулхонанинг ёпилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузилиши ҳамда икки томонлама робиталар ёмонлашувига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

«Хитой Америка томонини қатъий равишда мазкур нотўғри қарорни зудлик билан бекор қилишга чақиради. Акс ҳолда Хитой жавоб тариқасида қонуний ва зарурий чораларни кўришга мажбур бўлади», – деди Ван Вэньбинь.  

ОАВда Хитой жавоб тариқасида АҚШнинг Ухань шаҳридаги консулхонасини ёпиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди.

Коронавирус пандемияси даврида АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Қўшма Штатлар раҳбарияти Хитойни коронавирус тарқалиши борасидаги реал ҳолатни яширишда айблаб келмоқда. Президент Трамп дунё осойишталигини издан чиқарган хасталикни «хитой вируси» деб атагани ҳам дипломатик тортишувларга сабаб бўлган эди.

Ўз навбатида, расмий Пекин коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган деган иддао илгари сурган.

Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик таранглик фақат бу билан чегараланмайди.

Қўшма Штатлар Хитой расмийларини Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида  яшовчи кўп сонли мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақлаётгани учун танқид қилиб келади. Жорий йил июнда  президент Дональд Трамп уйғур ва бошқа мусулмон озчилик ҳуқуқларини бузгани учун Хитой расмийларига нисбатан санкция жорий этишни кўзда тутувчи қонунни ҳам имзолади.

Хитой томонидан жорий йил июлда қабул қилинган Ҳонконг хавфсизлигига доир қонун ҳам Ғарб мамлакатлари, жумладан, АҚШнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани маълум.

Президент Трамп бунинг учун ҳам Пекинга нисбатан янги жазо чораларини жорий этмоқчи.

АҚШ ва Хитой савдо уруши борасида норасмий сулҳга эришган эди. Таҳлилчиларга кўра, сўнгги дипломатик зиддиятлар савдо урушининг яна қайта бошланиши хавфини ҳам юзага келтирмоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг