Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳоким шийпон ва бошқа жойда яшаганлар ҳақида маълумот берди

Ҳоким шийпон ва бошқа жойда яшаганлар ҳақида маълумот берди

Чуст туман ҳокими Бекзод Хамдамов 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилган ишлар ва 2021 йил режалари ҳақида ҳисобот бериб ўтди. Бу ҳақда Xabar.uz мухбири маълум қилди.

Ковидга қарши кураш
Пандемия бошлангач ҳамма жойда бўлгани сингари туманда ҳам вазият кескинлашди. Шу сабабли шошилинч қарорлар қабул қилишга тўғри келди.

Хусусан, касалликни даволайдиган алоҳида касалхона ташкил этилди. Патронаж ҳамшираларига симкарта олиб берилди ва доимий алоқа йўлга қўйилди. Туман шифохонасига 165 миллион сўмга иккита «Дамас» тез ёрдам машинаси олиб берилди. Терапия бўлими бошқа жойга кўчирилиб, коронавирусга чалинганларга ажратилди ва 180 миллион сўмга кислород концентраторлари сотиб олинди.

Тумандаги муаммолар
Туманда қилиниши керак бўлган ишлар етарли. Аҳолининг асосий норозилиги коммунал соҳаларда бўлиб турибди. Тан олишимиз керак, камчиликлар бор. Масалан, ўттиз йилдан буён алмаштирилмаган трансформаторлар бор. Уларни янгилаш керак. Охирги бир ойда бештасини ўрнатдик. Аммо бу ҳали етарли бўлмагани учун электор соҳасида узилишлар бўлиб турибди. Айниқса нимстанцияларда авария ҳолатлари учрамоқда. Муаммони тан олган ҳолда, бир қатор ишлар режалаштирилган. Жумладан, келаси йилда 43 та трансформатор алмаштирилади.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишим керак, охирги йилларда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш бўйича кўп ҳаракатлар бўляпти. Аввал битта трансформатор алмаштириш ҳам муаммо эди. Энди эса 30 йилда қилинмаган ишни 3 йилда уддалашга интиляптмиз.

Бозор олдидаги йўл
Чуст туманида 70 та маҳалла мавжуд бўлиб, шундан 19 таси таъмирталаб бўлиб қолган. Иккита МФЙнинг умуман биноси йўқ. Бу бинолар қурилиши давлат шерикчилик асосида амалга оширилади.

Бозор олдидаги йўлда тирбандликнинг олдини олиш учун янги йўл қурилиши бошланган эди. Ҳозирча бу қурилиш охирига етмай қолган. Бунга бир қатор сабаблар мавжуд.

Биринчидан, пандемия сабаб бюджетга тушум камайиб кетди ва тақчиллик юзага келди. Биз асосий ресурсларни коронавирусга қарши курашга қаратдик. Бундай вақтда аҳолининг бузиладиган уйларига компенсация сносга тўлаб бериш учун пул етишмаган. Асосий маблағ тиббиётга йўналтирилди. Шу сабабли қурилишни якунлашга имкон йўқ эди

Иккинчидан, йўл қурилиши учун аҳолига тегишли айрим уй-жойларни бузиш лозим бўлади. Демак, шунга яраша компенсация ҳам тўлаш керак. Бу ҳам катта ҳаражат талаб қиладиган иш. Шу сабабли пандемия бошлангандан сўнг ишни тўхтатдик. Насиб қилса бу режа келаси йилга бажарилади.

IT-PARK
Ёшларни рақамли технологиялар, дастурлаш, киберспорт ва интернетдан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш имкониятларини яратиш уларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, иқтидорли, ташаббускор ёшларнинг ўз интеллектуал салоҳиятини намоён қилиш мақсадида туманда 1-сонли касб ҳунарга ўқитиш мактабида “Рақамли технологиялар маркази”- IT-PARK жорий йилнинг 17 декабр кунида фойдаланишга топширилди.

Меҳнат муҳожирларини ўқитиш
Эътиборли томони, Чуст туманидан хорижга ишлаш учун чиқиб кетаётганларни ўқитиш Мудофаа вазирлиги патронажида амалга оширилади. Бунинг учун 1-сонли касб-ҳунар мактаби негизида хорижга чиқиб ишловчи ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш марказини ташкил этиш ишлари бошланган.

Бу ерда хорижга чиқиб ишловчи ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитиш ишлари олиб борилади. Марказда
- Хорижга чиқиб ишлаш истагидла бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирлади.
- Хорижга чиқиб ишловчи ёшлар ва банд бўлмаган аҳолини касбга ўқитилади.
- Чет элга юбориб ишга жойлаштирилади.

Шийпонда яшаганлар ҳақида
Чуст туманида ўнлаб оилалар шийпон, ётоқхона ва бошқа жойларда яшаб юргани маҳаллалар ёрдамида аниқланган. Журналистлар ҳокимдан шу ҳақда батафсил маълумот беришни сўрашди.

— Шу вақтга қадар 34 та оила уйга муҳтож бўлиб, турли ижтимоий бинолар ва ижара хонадонларда яшаб кетаётган эди. Улардан 28 тасига моддий ёрдам берилади.

Мана шу фуқаролардан ўта оғир аҳволдаги 9 нафари ва имконияти чекланганлардан яна 6 нафарига янги уйнинг бошланғич тўлови тўлаб бериладиган бўлганди. Тўққиз нафарига тўлаб берилди ва уйга кўчиб ҳам киришди. Яна 6 нафарига тегишли ёрдам пули ҳам ҳисобга тушган ва келаси ҳафтада улар ҳам уйли бўлади.

Шу ўринда яна бир масала — уйнинг кейинги тўлови нима бўлади? Бу ҳам ўйлаб қўйилган. Масалан, учинчи гуруҳ ногирони бўлган қизга тикув машинаси берилиб, кластер билан шартнома имзоланди. У этак тикиб, топширадиган бўлди ва даромадидан рўзғорини юритиб, ойлик тўловларни ҳам амалга оширади.

Яна бир фуқаро газ таъминоти корхонасига фаррош қилиб ишга жойланди. Унинг ойлик тўлови корхона томонидан тўлаб берилмоқда.

Янги уйлар учун кредит 20 йил давомида қопланади ва ойлик тўлови 450 минг сўмни ташкил этади. Барча ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар доимий назорат остида бўлиб турибди ва кредитни сўндириш манбаси аниқланган. Агар иш ва иш ҳақи бўйича муаммо пайдо бўлса, дарҳол ёрдам берамиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг