Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Мадаев ва Ходжаев(лар) «жанги»: мағлубиятга баробар ғалаба (иккинчи қисм)

Мадаев ва Ходжаев(лар) «жанги»: мағлубиятга баробар ғалаба (иккинчи қисм)

Мавзуга доир:
Мадаев ва Ходжаев(лар) «жанги»: мағлубиятга баробар ғалаба (биринчи қисм)


6

Юқорида «Субҳонбоев» фермер хўжалигидан зўравонларча олиб қўйилган ердан уч нафар фуқарога деҳқон хўжалиги юритиш учун 0,12 гектардан «улуш» теккани, бу азаматлар ҳоким қарорига тупурган ҳолда ўша жойга яшаш учун иморат қуришганини айтиб ўтдик. Абдупатто Мадаевнинг ёзишича, бу шунчаки расмиятчилик, аслида ўша ерларнинг норасмий соҳиблари ҳам Ходжаевлар ҳисобланади, яна бир гапки, прокурор Ходжаев ўша «деҳқон хўжалиги учун» берилган ерларни 100 минг АҚШ долларига сотиб юборгани хусусидаги гап-сўзлар туманда урчиб кетган...

Бу жиддий айблов, албатта. Қуруқ гап билан бировнинг айбини исботлаш мушкул вазифа. Ҳолатга босиброқ қараймиз. Хўш, гўёки деҳқон хўжалиги учун 0,12 гектардан ер олиб, жавобгарликдан қўрқмай уй-жой қуришга журъат этган валломатлар ким? Мана, биттаси: Т.Раҳимов. У аслида қашқадарёлик бўлиб, Қўқон шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтиб яшаётган фуқаро экан. Бошқа вилоятдан келиб, вақтинча яшаётган одамнинг Данғарада 0,12 гектар ер олишининг ўзи мўъжизага тенг! Ҳоким қарорини писанд этмай ноқонуний иморат тиклашга топган журъатидан-ку ҳайратга тушмай илож йўқ. Шунинг ўзи коса тагидаги «нимкосадан» белги бериб турибди аслида. Т.Раҳимов каби «бахти кулиб» ерли бўлган бошқа фуқаролар-чи? Уларнинг иқтисодий ҳолати қандай? «Ўзбошимчалиги» қуввати қандай омилларга бориб тақалади? Абдупатто Мадаевнинг шикоятини ўрганган Бош прокуратура масъуллари шу ва шу каби саволлар устида андак бош қотиришганда ер «қоғоз»да кимга-ю амалда кимга тегишли эканига оид қатор шубҳа-гумонларга ойдинлик киритилиб, ортиқча иштибоҳларга ўрин қолмасмиди, ким билсин?!

Мутасаддилар «чуқур кетиб» ўтиришмаган чамаси. Ердан мақсадли фойдаланмаганликлари учун туман захирасига олингани, қурилган ноқонуний иморатларни бузиш ҳақида судга даъво киритилгани, бу жараёнда ҳужжат сохталаштиришга оид жиноят иши қўзғатилгани каби ҳолатлар билан чекланиб, «...вилоят прокуратураси ходими А.Ходжаевнинг ер майдонининг бир қисмини 100 минг АҚШ долларига сотгани ҳақидаги важлар ўз тасдиғини топмади» деган мазмунда хулосага келишади (кейинчалик «ўзбошимча» фуқаролар амнистия акти сабаб жавобгарликдан қутулиб қолишади). Манзара жўялидек: шикоят ўрганилдими? Ҳа! Қонунбузарликлар аниқландими? Ҳа! Бу жараёнда бирор ҳужжатда Ходжаевлар номи борми? Йўқ! Номи бирор ҳужжатда зикр этилмаган одамларни қандай айблаб бўлади? Вассалом.

 Мутасаддиларнинг шу каби хулосалари қўл келиб, прокурор Ходжаев Абдупатто Мадаевни судга берди. Суд шикоятчини «туҳмат» айблови билан маъмурий жавобгарликка тортди. Мана буни «1:0» деса бўлади. Мадаевнинг «шикоят машинаси» ишлайверар экан, текширувчиларнинг қадами узилмаслиги тайин. Текширишга ишқибозлар озмунчами? Энди келадиганларга суд қарори зўр дастак: «Қаёқдаги туҳматчининг ёзганларига ишониб ўтирибсизларми?». Қани, биров ғинг десин-чи?! Суд қароридан Мадаевга ўхшаган одам кўп-да ташвишга тушмайди: жаримаси арзимас экан, шунга шу-унча ваҳимами? Аммо қонунни билган шахс суднинг бундай қарорини кўзига тўтиё қилиши мумкин: чунки шу бир парча ҳужжат унча-мунча одамнинг салкам «олабўжи» эканига етиб ортади.

Алқисса, суд қарори Хождаевларга яхшигина қалқон, Абдупатто Мадаевнинг қамоқ сари очилган йўлидаги илк яшил чироққа айланди...

Қамоқ? Ҳа-да!

Давом этамиз. 

7

Юқоридаги манзаралар томонлар ўртасидаги «жанг» фақат «қонун доирасида» бўлибди-да деган хаёлга бошлаши мумкин. Бир қарашда шундай. Бироқ бу жараёнда «кўча қоидалари» ҳам қўлланганга ўхшайдики, бундай демоққа қуйидаги воқеа изн берадигандай.

Абдупатто Мадаев тўхтовсиз шикоятлар ёзиб, кўпларнинг «мазасини қочириб» юрган кунларнинг бирида Ўткир Қурбонов ва Шавкат Қаҳҳоров деган шахслар алламаҳалда унинг уйига келиб, ҳақоратлаб, ҳатто қўл кўтаришгача боради. «Полвонлар» бегона эмасди: Ўткир Қурбонов — оқсоқол Ходжаевнинг ҳайдовчиси бўлса, Шавкат Қаҳҳоров фермер Ходжаевнинг ишчиси... Албатта, бирорта ҳужжатларда уларнинг «биз хўжайинларимизнинг буйруғини бажардик» деган гапи йўқ. Шундай экан, уларни «ёлланган» дейишга тил бормайди.

Шунга қарамай безориларнинг «қалб амри» ила томонларни яраштиришга бел боғлашганига ҳам ишониш қийин. Икки томон «сулҳи» учун ўртага тушиши мумкин ва бунга маънан ҳақли инсонларга қирғин келмаган ҳудудда Хождаевларга тобе иккита муштумзўрнинг хизматига эҳтиёж сезилиши тасаввурга сиғмайди барибир...

8

Абдупатто Мадаев шикоятларини ўрганиш жараёнида мутасаддиларнинг кўпам «чуқур» кетмаслиги, қатор важлардаги мавҳумлик ёки мантиқан асосли кўринса-да, далиллар ғариблиги уларни «ўз тасдиғини топмади» дея хулоса қилмоққа изн берверади. «Тасдиғини топмаган важлар»нинг зидди туҳмат дейилиши маълум. Хуллас, «тасдиғини топмаган важлар» йиғилиб-йиғилиб, умумлаштирилиб, боз «туҳматчи»лиги ҳақидаги суд қарори тош босиб, 2017 йилнинг январь ойида Абдупатто Мадаевга нисбатан Жиноят кодексининг 139-модда 1-қисми («туҳмат») билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят иши Бош прокуратура томонидан қўзғатилгани, бу ҳол прокурор Ходжаев Фарғона вилояти прокуратурасидан кўтарилиб, шу даргоҳда ишлаётган пайтга тўғри келганини ҳам тасодифга йўямизми?.. Бошқа илож йўқ. Кўрдик, кўраяпмиз: фақат қоғозлар «гапираяпти», қуруқ нола-ю таваллоларнинг бир чақалик аҳмияти қолмаётир.

Албатта, муаян шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши унинг қип-қизил жиноятчи эканини англатмайди. Олдинда асабни қақшатувчи тергов жараёни турибди. Бу жараёнда ҳамма нарса бўлиши мумкин: очилган «иш» ёпилиши ҳам (жиноят аломатлари йўқ деган асосда), айблов яна-да тўлдирилиб, судга оширилиши ҳам. Шунга қарамай Абдупатто Мадаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тақдирини аввалдан башорат қилиш қийин эмасди: албатта судга чиқади! Биринчи сабаб — «иш»ни Бош прокуратура қўзғатаяпти, амалиётда шундайки, «юқори»да очилиб, тергов қилиш учун қуйи босқичга юборилган «дело»лар доим ҳам ҳаракатдан тугатилавермайди, тергов жараёнида пичоққа илинадиган далиллар топилмаса ҳам. Чунки «юқори» ўз номи билан «юқори»-да: уларда қуйи босқичдаги «дело»ни чақириб олиб, терговчининг қарорларини бекор қилишдек ҳуқуқ бор. Шу боис «юқори»да қўзғатилган ишни бекор қилишга «пастда»ги унча-мунча терговчининг журъати етмайди. Абдупатто Мадаевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Данғара тумани ИИБга юборилиши-ку башоратни салкам ҳақиқатга айлантиради. Чунки Бош прокуратуранинг масъул ходими жабрланувчи бўлган жиноят иши туман ИИБда тергов қилинишининг ўзи амалдаги тартибга кўпам тўғри келавермайди. Бу ўринда «юқори» ва «қуйи» фактори холислик мезонига таъсир ўтказиши эҳтимоли катта. Шунингдек, жабрланувчи хонадоннинг тумандаги нуфузини-ку кўриб турибмиз...

Шундай бўлди ҳам.

Абдупатто Мадаевнинг жиноят иши бир эмас, икки эмас, нақ тўрт жилд бўлди?! Бу, шубҳасиз, терговчи «дело» судга чиқиши учун яхшигина «тер тўкканини» англатади. Унча-мунча оғир жиноят ишлари ҳам бунчалар семирмас?..

Тергов жараёнида Абдупатто Мадаевнинг «қилмиши» 139-модданинг 1-қисмидан 3-қисми «г» бандига қайта малакаланганди. Мазкур модданинг 1-қисми «...била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни тарқатиш» дея аталиб, жазоси озодликдан маҳрум этишгача бориб етмайди. Бироқ унинг 3-қисми «г» банди айни қилмиш «ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда» амалга оширилганини назарда тутадики, жазо ҳам шунга яраша: бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

...Хуллас, «дело» судда!

Кутилганидек, жиноят иши суддан силлиққина ўтиб кетди.

Суд Абдупатто Мадаевни тўрт ҳолатда «ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда» Ходжаевларга туҳмат қилганликда айбдор деб топди.

1. Аввало Абдупатто Мадаев оқсоқол Ходжаев ва прокурор Ходжаевга туҳмат қилиб, уларни гўёки нуфузи ва хизмат мавқеидан фойдаланиб, Данғара туманидаги «Ишонч Оқтепа» ширкат хўжалигига қарашли дала шийпонини кимошди савдосига қўйдирмасдан фермер Хождаевга ноқонуний олиб берган дея уйдирмалар тарқатганликда айбланди.

Айни ҳолатга кенгроқ қарашга уринамиз. Дарҳақиқат, «Ишонч Оқтепа» ширкат хўжалиги балансида бўлган дала шийпони 2007 йил май ойида кимошди савдосига қўйилади. Унда қатнашиш учун бир неча фуқаро (М.Умаров, Я.Тожиев) тегишли тўловни амалга ошириб, савдо бўладиган куни айтилган жойда ҳозир бўладилар ҳам. Бироқ ўша кунга белгиланган савдо негадир бекор қилинади. Кўп ўтмай маълум бўладики, объект фермер Ходжаевга олди-сотди шартномаси орқали сотиб юборилибди. Тергов жараёнида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган М.Умаров, Я.Тожиев, Ю.Юсуповлар тендер ўтадиган куни прокурор Ходжаев келганини, ширкат раиси М.Мирзамаҳмудовга «...буларни нимага тўплаб ўтирибсиз, сизга отамнинг гапи тушунарли эмасми?» деганини айтишади. Яна бир гувоҳ фермер Ходжаев «Акамга айтсам қаматиб юборади» дея пўписа қилганини ҳам билдиради. Собиқ ширкат хўжалигининг раиси М.Мирзамаҳмудов ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинганда «...тендер ўтадиган куни одам кўпайиб кетгани, норозилик келиб чиқмаслиги учун тендерни тўхатиб, шийпонни Аҳрор Ходжаевга тендерсиз сотганини» ошкора билдиради. Хўш, бу ерда қани туҳмат? Гувоҳларнинг гаплари осмондан олиб ёзилаётгани йўқ, ҳамма кўрсатмалар жиноят иши қабатларида турибди. Гап шундаки, юқорида номлари қайд этилган айрим гувоҳлар суд мажлисига чақирилмаган бўлса, айримларининг кўрсатмаларига шунчаки эътибор бериб ўтирилмаган. Шу ўринда бир ҳолат: фермер Ходжаевга сотилган объект бўйича имзоланган олди-сотди шартномаси(12.05.2007)ни орадан саккиз йил ўтиб, Мадаев тўхтовсиз шикоятлар ёзаётган пайтда фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди томонидан ҳақиқий деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори (23.04.2015) чиқарилади. Орадан шунча йил ўтиб, биров билиб-биров билмаган олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш ҳақида судда даъво қўзғашга нима мажбур қилди? Бу асоси мўрт шартноманинг «қонунан мустаҳкамлаб» қўйилишими? Ёки буям навбатдаги «юридик финт»ми? Албатта, суд қарори кучда экан, объектга боғлиқ ҳар қандай ҳолат ҳуқуқий қувватини йўқотаверади. Суд қарори бекор қилиниши мумкинми? Эҳтимол. Бунинг учун томонлардан бири норози бўлиб, юқори босқич судига шикоят бериши керак. Бироқ норози томоннинг ўзи йўқ: «Ишонч Оқтепа» ширкати аллақачон тугатилган бўлса, объект соҳиби эса «менинг фойдамга чиқарилган суд қарорини бекор қилинг» дея шикоят берадиган аҳмоқ эмас. Прокуратура-чи? Индамадик. Хулоса — ўзингизга тан.

2. Абдупатто Мадаевга тиркалган яна бир айбки, у прокурор Ходжаев гўёки туман ҳокимига тазйиқ ўтказиб, «Оятулло Тўлабой юлдузи» фермер хўжалигининг 46 гектар ерини қариндоши Илҳом Усмоновга олдириб берган...

«Оятулло Тўлабой юлдузи» фермер хўжалигининг ери ҳоким томонидан олиб қўйилиб, Илҳом Усмоновга берилгани — факт. Бу борада чиқарилган ҳокимнинг қарорларида қўпол равишда қонунбузарликларга йўл қўйилгани ҳам факт! Буни прокурор томонидан киритилган протест ва тақдимномалар яққол тасдиқлаб турибди. Масала шундаки, айни жараёнда ҳам бирорта ҳужжатларда жабрланувчининг номи кўринмайди. Шунга қарамай қизиқ ҳолатлар етарли: бевосита Ходжаевлар ёки уларга яқин одамларга ерми ёки бирорта объектми бериладиган бўлса, албатта қонунбузарлик содир бўлади. Бу қонунсизликлар қачонки Абдупатто Мадаев шикоят ёзсагина аниқланади, бўлмаса — йўқ... Шу ўринда қайси мақол ёдга келади? Э, ўлманг: шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди.

Айни эпизодда «туҳмат» аломатларини сезаяпсизми?

3. Абдупатто Мадаевнинг яна бир айбики: «...жиноят ишлари бўйича Данғара тумани суди томонидан Ўткир Қурбонов ва Шавкат Қаҳҳоровлар 15 ва 12 суткадан маъмурий қамоққа мустаҳиқ этилиб, жазони тўла ўташган бўлса-да, прокурор Ходжаевнинг аралашуви билан улар муддатидан аввал жазодан қутулиб кетишди қабилида уйдирма тарқатган». Мадаевнинг бу борадиги важларини маъмурий қамоқ муассасасининг тегишли ҳужжатларини кўздан кечириб, «полвонлар» билан бир камерада сақланган шахсларни аниқлаб, сўроқ қилиб, уларга сарфланган озиқ-овқат ва бошқа харажатларни аниқлаб, кейин «туҳмат» дея талқин қилинганда эди, суднинг холислигига гап йўқ деб баралла айтиш мумкин бўларди. Шунгаки ҳафсала қилмабдими, демак...

4. Айбловнинг ўзак томири ҳисобланган тўртинчи эпизодга атрофлича тўхталиш керакка ўхшайди. Чунки Абдупатто Мадаев шунчаки туҳмат қилишда эмас, балки қилмишни «ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда» содир этганликда айбланмоқда. Хўш, унинг «ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятлари» нималарда кўринади? Айбловга кўра унинг асл нияти шунда эканки, Ходжаевлар ҳақида уйдирмалар тарқатиб, уларни шарманда қилиб, «Данғара сайёд стил»га бириктириб берилган 1 гектар ерни қўлга киритгач, уни (ерни!) катта суммага пуллаш бўлган экан?!

Ол-а деворгинг келади, аввало ер хусусий мулк эмаски, «енг ичида» сотиб юбориш мумкин бўлса? Боз ҳоким аллақачон «фатвоси»ни ўқиган, Ходжаевларнинг меҳри тушган ерни-я? Бунга ким ишонади?

Жиноят ишида айни эпизод имкон қадар далилланган. Далилки, иш ҳужжатлари орасида И.Сулаймонов деган шахснинг сирли аризаси мавжуд. Бу ариза қачон ёзилгани, ким ва қайси санада қабул қилгани номаълум: бир варақ қоғозга нари-бери битилган — вассалом. Унда «...икки йил аввал «Фаттоҳ» деган шахс келиб, еримни 150 минг АҚШ долларига сотаман деди» деган мазмун бор, холос. Мазкур ариза муаллифининг сўроқ баённомасида бу мазмун бироз кенгайиб қуйидагича кўриниш олади: «...2016 йил «Абдупатто» ва «Дилшод» исмли йигитлар келиб, («Абдупатто») 1,5 гектар ерим бор, сотаман деди». Сирли аризадаги «Фаттоҳ» сўроқ баённомасида «Дилшод»га айланиб қолаётганининг ўзи қизиқ. «Дилшод» шу туманда истиқомат қилувчи Дилшод Қаҳҳоров экан. Эътиборлиси, у ҳам бегона бўлиб чиқмади: Абдупатто Мадаевга нисбатан безорилик ҳаракати содир этган Шавкат Қаҳҳоровга (фермер Ходжаевнинг ишчиси) ини ҳисобланади. Демак, Қаҳҳоров ва Мадаев ўртасида адоват борлиги эътиборга олинса, унинг кўрсатмаларини холис ва ҳаққоний дейишнинг иложи йўқ. Бу эса ўз-ўзидан унинг судда «...А.Мадаев билан бирга И.Сулаймоновнинг олдига бориб, ерни сотиш масаласида гаплашганмиз» деган маънодаги гапларига асосли шубҳа уйғотмайдими? Устига устак, у бу ҳақда дастлабки терговда чурқ этмай, судда, айбловлар чок-чокидан сўкилиб кетай деган пайтда «сайрайди», холос. Шунга қарамай «ер сотилиши» борасидаги чўпчакнамо ҳолат, сирли ариза ва бегона бўлмаган шахснинг шубҳали кўрсатмалари «ишончга сазовор» деб топилди. Судланувчи Абдупатто Мадаев эса «...И.Сулаймонов олдига бормаганман, ер сотаман деб айтмаганман, бу қип-қизил туҳмат!» деганича чирқиллиб қолаверди...

...Юқоридаги тўртта эпизод Абдупатто Мадаевга икки йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланишига кифоя қилиб, у суд залидан қамоққа олинди. Ҳукмда «жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ» белгилангандики, бу маҳкумнинг илгари бир неча бор судланганига боғланди. Ажаб, мамлакатимизда ўтказилаётган инқилобий ислоҳотлар ҳали Фарғонага етиб бормаган чоғи. Бугун президентнинг халқпарвар сиёсати туфайли ҳатто турли бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб, қидирувда бўлган шахслар қайтиб келса, уларга қамоқ жазоси таҳдид солаётгани йўқ. Тайёр боғи вайрон этилганидан «дод!» деб, ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши оқибатида ўта баҳсли айбловлар билан туҳматчига чиқарилган инсонга нисбатан бундай оғир жазо тайинланишини нима билан оқлаб бўлади?

9

...Алалхусус, туман ҳокимининг битта фермердан зўрлик билан тортиб олиб, бошқага ғайриқонуний равишда берворган ери шунча кўргиликларга олиб келди.

Бугун Абдупатто Мадаев қамоқда. Салкам уч йил курашиб-курашиб етиб келган жойи шу бўлди.

Бу орада Алишер Ходжаев Марғилон шаҳрига прокурор этиб тайинланди.

Ҳоким Ш.Абдусаломов эса Данғарадан Тошлоқ туманига, худди шу лавозимга ўтказилди.

Бу «жанг»нинг бошқа иштирокчилари ҳаёти ҳам тинч-осуда давом этаётир...

Бир эмас, бир неча оиланинг тирикчилик манбаига айланаёзган «Субҳонбоев» фермер хўжалиги боғи ўрни айни кунларда тап-тақир. Яқин келажакда бу жойда янги уйлар қад кўтаради чамаси, у ер-бу ерида бетон ишлари бошланиб кетибди.

Ажаб, қамоқдан Абдупатто Мадаев қандай руҳият ва кайфият билан чиқар экан?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг