Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маркетплейсларнинг харидор олдида жавобгарлиги қонунан белгиланмоқда

Маркетплейсларнинг харидор олдида жавобгарлиги қонунан белгиланмоқда

Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган янги қонун муҳокама қилинди. Ҳужжат электрон савдо соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва рақобат муҳитини кучайтиришни назарда тутади.

Қонун билан Солиқ кодекси ҳамда «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улар электрон тўловлар, трансчегаравий савдо, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ҳуқуқий механизмларини белгилашга қаратилган.

Энг муҳим янгиликлардан бири — электрон тижорат операторларининг масъулиятига оид норма ҳисобланади. Унга кўра, сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларини бажара олмаган ёки жавобгарликни бажариш имкони бўлмаган ҳолатларда, электрон тижорат оператори ҳам истеъмолчи олдида субсидиар жавобгар бўлиши мумкин.

Сенаторлар муҳокамалар давомида рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда электрон савдо бозори учун аниқ ва замонавий ҳуқуқий база зарурлигини таъкидлади.

Янги норма онлайн савдода ишончни ошириши мумкин. Чунки истеъмолчи энди фақат сотувчига эмас, балки айрим ҳолатларда савдо платформасига ҳам мурожаат қилиш имконига эга бўлади.

Сенатда қайд этилишича, қонун электрон савдо бозорида шаффофликни ошириш ва халқаро стандартларга мос ҳуқуқий муҳит яратишга қаратилган.

Сенаторлар фикрича, ушбу чоралар маҳаллий ва хорижий сотувчилар ўртасида тенг рақобат шароитини таъминлашга хизмат қилади. Айниқса, трансчегаравий электрон савдо тез ривожланаётган шароитда солиқ тушумларини назорат қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Муҳокамалар якунида сенаторлар қонунни маъқуллашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг