Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Водий афсонага айланади — Президент ном қўйган истироҳат боғи ҳақида

Водий афсонага айланади — Президент ном қўйган истироҳат боғи ҳақида

Фото: Президент матбуот хизмати

Наманган шаҳридаги ташландиқ ҳолатда ётган 155 гектар майдон илгари шунчаки сел сувини йўналтириш учун ташлаб қўйилган, овлоқ жойлар эди. Бу ерда маданият ва истироҳат боғи очиш ғояси икки йил муқаддам, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи вақтида пайдо бўлди. Ном ҳам Президент томонидан таклиф этилди — «Афсоналар водийси».

Наманганлик йигитлар Ўрта Осиёда ягона бўлган боғ қуриш ишини аъло даражада уддалай олишди. Буни Президент ҳам эътироф этди — «Икки йил олдин мана шу боғ лойиҳаси билан танишиб, унга «Афсоналар водийси» деб ном беришни таклиф қилгандим. Номига муносиб бўлибди. Мамлакатимизда бу каби замонавий дам олиш масканларини ҳали кўплаб барпо этамиз».

Боғ қурилишининг ўзига ҳос жиҳати шундаки, аксарият лойиҳалар кредитга асосланиб бошланса, «Афсоналар водийси»да асосан таъсисчи пул тикди. 123 миллион долларлик лойиҳанинг 102 миллиони доллар тадбиркорнинг маблағи бўлса, қолганига кредит олинди.

«Афсона» боғида 16 турдаги аттракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, 1800 ўринли 2 та автотураргоҳ фойдаланишга топширилган.

Яна бир жиҳат, 2022 йил март ойига қадар намозхонлар ибодат қилиши учун 10 минг ўринли муҳташам масжид, миллий ҳунармандлар маркази, 400 ўринли меҳмонхона ва 110 та вилла қурилиши режалаштирилган.

Боғ қурилиш жараёнидан

Боғ нафақат маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар дам олиб, ҳордиқ чиқарадиган жой, балки яратилган иш ўринлари билан ҳам аҳамиятга эга. Бугунги кунда 600 киши «Афсона»да ишламоқда. Лойиҳа тўлиқ битгач иш ўринлари сони 1500 тага етади.

Тушум ҳам шунга яраша — жорий йилнинг 5 ойида 1,5 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатилган. Аммо бу кўрсаткич ҳали яна ўсиши кутилмоқда, боғ тўлиқ ишга тушгач йилига 600 минг одамга хизмат кўрсатиши режалаштирилган.

Хуллас, яна сал вақт ўтсин, Наманган деганда «Афсоналар водийси», «Афсоналар водийси» деганда эса, Наманган кўз олдингизга келадиган бўлади. Бир сўз билан айтганда — водий афсонага айланади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг