Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонлик тадқиқотчи «нобелчилар кони» бўлган даргоҳга қабул қилинди

Ўзбекистонлик тадқиқотчи «нобелчилар кони» бўлган даргоҳга қабул қилинди

Беҳзод Ҳошимов ҳамда Фотима Жалолова.

Фото: Iqtisodchi kundaligi

Ўзбекистонлик тадқиқотчи Фотима Жалолова донгдор Массачусетс технология институтининг (Massachusetts Institute of Technology – MIT) иқтисодиёт факультети докторантурасига қабул қилинди. Бу ҳақда иқтисод фанлари доктори, Висконсин университети тадқиқотчиси Беҳзод Ҳошимов маълум қилди.

«Бу – Ўзбекистон илм-фани учун жуда катта воқеа. Ўзбекистонликларнинг етакчи университетларда илмий иш қилиши ўта ноёб ҳодиса. MITнинг иқтисодиёт факультетида эса Фотима Жалолова, менимча, биринчи ўзбекистонлик. Агар минтақадан биринчи бўлмаса... Ўйлайманки, Фотиманинг ютуқлари кўпчилик талаба ва илмий ходимлар учун илҳом берувчи ҳодиса бўлади. Ният қиламанки, ҳали юзлаб ўзбекистонлик қизлар ва йигитлар, Фотимага ўхшаб дунёнинг етакчи илмий даргоҳларини забт этишади, ҳали ҳар бир етакчи университетда ўзбек докторантлари, илмий ходимлари ва профессорлари бўлади», – деб ёзди Б.Ҳошимов.

Массачусетс технология институти кўплаб халқаро рейтингларда дунёнинг пешқадам илм даргоҳи сафида эътироф этилади.

«MIT иқтисодиёти қандай катта даргоҳ эканини кўпчилик билмаслиги мумкин. Қандай айтсам экан, келинг, футбол терминологиясида тушунтирсам. Тасаввур қилинг, MIT шундай клубки, у ерда ҳамма ўйинчилар ё ҳозирги «Олтин тўп» соҳиби, ё келажакдаги «Олтин тўп» соҳиби. MITнинг иқтисодиёт факультетида тўлиқ профессор бўлиш учун ҳам ё ҳозирги Нобель совриндори, ё келажакдаги Нобель совриндори бўлиш керак. Жуда катта илмий даргоҳ. Шунинг учун ҳам бу ажойиб янгилик», – деб тушунтириш берган Б.Ҳошимов.

Фотима Жалолова бундан олдин Нобель мукофоти совриндори Жошуа Ангрист ҳамда бошқа бир таниқли иқтисодчи олим Параг Патҳак ташкил этган лабораторияда илмий ходим бўлиб ишлаган. У Патҳак ва Ангристнинг таълим бўйича тадқиқотларига ёрдам берган.

Фотима Жалолова келажакда давлат иқтисодиёти (public economics), яъни солиқ ва фискал масалалар бўйича тадқиқот қилиш ниятида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг