Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент мурожаатномасига Бош прокурор муносабат билдирди

Президент мурожаатномасига Бош прокурор муносабат билдирди

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Коррупцияга қарши кураш – фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати.

Аввало, шуни қайд этиш ўринлики, муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир чиқишлари, хусусан мамлакат ҳаёти учун стратегик аҳамият касб этувчи маъруза ва мурожаатлари нафақат халқимиз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам катта қизиқиш ва хайрихоҳлик билан кутиб олинмоқда.

Янги шакллланган Олий Мажлисга йўлланган дастлабки Мурожаатнома ҳам бундан мустасно бўлмади.

Нуфузли маҳаллий ва хорижий экспертларнинг якдил хулосасига кўра, Президентимиз Мурожаатномаси Ўзбекистоннинг жорий йил ва яқин истиқболдаги тараққиётини белгилаб берувчи стратегик ва айни пайтда фундаментал асосга эга бўлган ҳужжатдир.

Дарҳақиқат, Мурожаатнома тимсолида Ўзбекистондаги бугунги ислоҳотлар моҳиятини, яқин йилларда юртимизнинг бутун қиёфаси қай тарзда жозибадор бўлишини, халқимиз ҳаёти нечоғлиқ осуда, фаровон ва бахтиёр кечишини кўриш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Мурожаатномада белгилаб берилган улкан марралар шунчаки эзгу ният ёки хоҳиш-истак эмас.

Аксинча, ундаги ҳар бир вазифа ижро механизми, бунинг учун масъуллар, муддатлар, молиявий манбалари билан уйғун ҳолда баён этилди.

Энг муҳими, ҳужжатда аввало, инсон ва унинг манфаатлари устувор ўринга қўйилган.

Яъни, «Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак, деган асосий тамойилга мувофиқ барча ресурслар, имкониятлар халқимиз манфаатлари йўлида сафарбар этилиши қатъий таъкидланди.

Халқимиз эса бундай янги ва оқилона сиёсатни якдиллик билан қўллаб-қувватламоқда.

Зотан, адолат тантанаси ва қонун устуворлигини ўзи учун асосий шиорга айлантирган давлат фуқароларидаги сиёсатга ишонч, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари мустаҳкам бўлиши ҳаммага маълум.

Соҳибқирон Амир Темур ҳам Оқсарой пештоқига «Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир», деган ҳикматли сўзларни ёздиргани ҳам бежиз эмас. У ана шу ғоя асосида миллатни энг эзгу ва улуғвор мақсадлар йўлида бирлаштиргани ва сафарбар эта олгани ҳам тарихдан аёндир.

Янги Ўзбекистоннинг янгиланган сиёсати ҳам айнан инсон қадр-қимматини олий даражага кўтариш, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянмоқда.

Бироқ, афсуски, бу йўлдаги ислоҳотлар натижадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган, тараққиётга тўсиқ бўлаётган бир қатор омиллар, иллатлар сақланиб қолмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, улардан бири ва энг хавфлиси коррупциядир.

Бу иллат аввало, халқимизнинг давлат ва ислоҳотларга ишончини сўндириши, жамиятда норозилик кайфиятини кучайтириши билан ҳам ғоят хатарлидир.

Шу боис, истиқлол йилларида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенциясига ва бошқа халқаро ҳужжатларга қўшилганлиги бу борада амалга оширилган биринчи қадам бўлди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ва алоҳида Давлат дастурида эса навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.

Қонунда илк бор коррупция ва манфаатлар тўқнашуви тушунчаларига таъриф берилди.

Шунингдек, Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли органлар ҳамда уларнинг мақоми аниқ белгилаб қўйилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш учун Бош прокурор раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди.

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ўзининг туб моҳияти билан айнан коррупцияни таг-томири билан йўқ қилишга қаратилган тарихий ҳужжатбўлди.

Унда барча соҳаларда коррупцияга барҳам бериш, унинг илдиз отишига шароит яратаётган сабабларни бартараф этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар баён қилинди.

2019йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.Мазкур Фармон билан 2019 – 2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича
иккинчи Давлат дастури тасдиқланди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этиш зарур.

Биринчидан, давлат хизмати тизими, унинг мақсадлари ва вазифалари тубдан такомиллаштирилди. Маъмурий ислоҳотлар концепцияситасдиқланди.

Давлат органлари ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилиниши, моддий таъминоти ва рағбатлантирилишини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди.

Хусусан, охирги уч йилда давлат хизматчиларининг иш ҳақи ўртача қарийб 60 фоизга, айрим соҳаларда эса, бир неча баробарга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларига асосан барча вазирлик ва идораларда одоб-аҳлоқ меъёрлари тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Меритократия ва очиқ танловлар асосида давлат фуқаролик хизматининг «карьера модели»ни жорий этиш ишлари бошланди.

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш йўлидаги бюрократик тўсиқлар ва коррупциоген ҳолатларни бартараф этишга қаратилган мақсадли чоралар кўрилди.

Давлат органларининг назорат-текширув вазифалари мақбуллаш-тирилди. Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилди. Улар фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик мақсадида Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича
вакил институти жорий қилинди.

Савдо-саноат палатаси тизими тубдан ислоҳ этилди, давлат активларини бошқариш тизими ҳам такомиллаштирилди.

Давлат харидларининг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, соҳада ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, пировардида коррупциянинг олдини олиш мақсадида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди.

Солиқ тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартириш мақсадида жорий йилда янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилди. Унга мувофиқ, солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Солиқларни тўлаш муддатини узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга
рухсат бериш бўйича енгиллаштирилган механизмлар жорий этилди.

2019 йилда бюджет маълумотларининг очиқлигини янада ошириш мақсадида бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги тартиби белгиланди ҳамда илк бор Давлат бюджети қонун тарзида қабул қилинди.

Учинчидан, давлат хизматларини тақдим этиш ва маъмурий таомилларни тартибга солишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилди.

Хусусан, маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда201 та давлат хизматлари марказлари очилди.

Ҳозиргача ушбу марказлар томонидан аҳолига 120 та давлат хизматлари кўрсатиб келинаётган бўлса, 2020 йилдан марказлар орқали 160 дан ортиқ шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2019 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойил-
ларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Унга кўра, жорий йилдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 турдаги ваколати тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 турдаги ваколати чиқариб ташланди.

Тўртинчидан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири соҳада коррупцияга барҳам бериш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилганида намоён бўлмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мақсад ва вазифалари аниқлаштирилди. «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, унинг нуфузини ошириш ҳамда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди, судьяларни танлаш, тайинлаш тизими такомиллаштирилди.

Суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг томонидан қўшма қарори билан суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Бешинчидан, «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак», деган халқчил тамойил асосида барча поғонадаги мансабдор ва масъулларнинг одамлар ичига кириб бориш, уларнинг муаммоларини уйма-уй юриб ҳал этиш тизимининг жорий этилгани коррупцияга
қарши курашишда ўзининг самарасини бера бошлади.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун «Халқ қабулхона»лари, Президент портали ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг «ишонч телефон»лари жорий қилинди.

Олтинчидан, жамиятда парламентнинг, ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг мавқеи кучайтирилб, уларга давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича кенг ваколатлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталар ташкил этилгани ушбу соҳада самарали парламент назоратини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашлари таркибида коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиялар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан «Коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Қўшма қарор қабул қилинди.

Еттинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди.

Энг муҳими, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф қилишга қаратилган 30 га яқин қонун, 100 га яқин Президент ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Маҳаллий экспертлар, қолаверса, халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётганидек, бундай чоралар қисқа муддатда ўз самараларини бера бошлади.

Жумладан, «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2019 йил бўйича эълон қилинган «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 5 ўрин юқорига кўтарилди.

Дунёдаги нуфузли нашрлардан бири – «The Economist» журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат – «Йил мамлакати» деб эътироф этди.

Айни пайтда коррупцияга қарши курашиш борасида қўлга киритилган ютуқлардан кўра ҳали қилинадиган ишлар кўп.

2017–2019 йиллар давомида 6.127 нафар мансабдор шахснинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинганлиги ҳам коррупцияга қарши курашиш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермаслигини кўрсатмоқда.

Ўз навбатида, биргина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг кучи билан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ижобий натижаларга эришиб бўлмаслиги сир эмас.

Аввало, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга нисбатан муросасиз муносабати шаклланиши зарур.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак.

Албатта, бу машаққатли, бироқ, амалга оширишимиз мумкин ва шарт бўлган вазифадир. Зотан, 2019 йилда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровда иштирок этганларнинг 86,6 фоизи коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашларини билдиришган. Демак, жамоатчилик коррупцияга қарши курашда давлат органларига кўмаклашишга тайёр.

Бинобарин, прокуратура органлари учун Мурожаатномадан келиб чиқадиган устувор вазифалардан бири ҳам – бу сўзсиз, коррупция иллатига қарши кураш самарадорлигини оширишдир.

Юқорида қайд этилганидек, кейинги уч йил давомида Давлатимиз раҳбарининг ташаббус ва ғоялари, амалий саъй-ҳаракатлари натижасида бу иллатни таг-томири билан йўқ
қилиш борасида катта қадам қўйилди.

Бироқ, тан олиш керакки, шунча шароит ва имкониятларга қарамасдан, жамиятнинг бу балодан тамомила халос бўлишига эришилмаяпти.

Айниқса, баъзи соҳа ва тармоқларда коррупцияга қарши қўлланаётган ва шу тизимларнинг юқори идоралари томонидан белгиланган чора-тадбирлар кутилган натижани бермаяпти.

Бош прокуратура томонидан яқинда соғлиқни сақлаш, олий таълим тизимларидаги, шунингдек ердан фойдаланишдаги коррупция ҳолатлари таҳлилига бағишлаб ўтказилган тадбирлардан хабарингиз бўлса керак.

Биз ушбу йўналишлардаги коррупциявий ҳолатларни аниқ таҳлиллар, факт ва рақамлар асосида муҳокама қилдик, масъулларга, хусусан прокуратура органларига тегишли қўшимча кўрсатмалар бердик.

Бироқ, эътироф этиш керакки, Давлатимиз раҳбарининг бу борада Мурожаатномада илгари сурган ташаббуслари ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Хусусан, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали инсон омилини камайтириш коррупцияни йўқотишда ҳам катта самара беради.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди.

Бу ҳам, аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзида коррупцияга барҳам беришнинг энг муҳим омилларидандир.

Айни пайтда парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш ташаббуси давлат бошқарувидаги тарихимизнинг янги саҳифасига асос солди.

Зеро, жаҳоннинг кўплаб барқарор ва тараққий этган мамлакатларида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида органлар давлат ва жамият равнақига катта ҳисса қўшмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси барча йўналишлар қатори коррупцияга буткул чек қўйишнинг ҳам янги истиқболларини очиб берди.

Бу тарихий имкониятдан оқилона фойдаланиб, давлат ва жамият равнақига ҳисса қўшиш бахтига, пировардида халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишига эришиш барчамизнинг ҳамкорликдаги ҳаракатларимизга, шижоатимиз ва фидойилигимизга боғлиқдир.

Ниғматилла Йўлдошев,
Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг