Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда Ёшлар туризми қурултойи якунига етди (фото)

Қашқадарёда Ёшлар туризми қурултойи якунига етди (фото)

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туманида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкиллаштирилган Ёшлар туризми қурултойи ўз ниҳоясига етди.

8 август куни бошланган қурултой доирасида бир қатор ўйинлар, китобхонлик, маҳорат дарслари, миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, маданий кўнгилочар тадбирлар, учрашувлар, гала-концерт ва бошқа тадбирлар ўтказилди. Якунда ғолиб жамоалар аниқланди.

Хусусан, «Энг яхши туризм лойиҳаси» танловида самарқандлик Меҳрож Исаев биринчи ўринга лойиқ кўрилган бўлса, хоразмлик Чарос Фозилова иккинчи ўринни, қашқадарёлик Азима Муродова эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, «Қадрият, урф-одат» танловида Хоразм вилояти 1-ўринни, Фарғона вилояти 2-ўринни, Наманган вилояти эса 3-ўринни;

«Энг намунали гуруҳ» танловида Қорақалпоғистон Республикаси 1-ўринни, Навоий вилояти 2-ўринни, Бухоро вилояти эса 3-ўринни;

«Заковат» беллашувида Қорақалпоғистон 1-ўринни, Қашқадарё вилояти 2-ўринни, Фарғона вилояти эса 3-ўринни;

«Туризм спартакиадаси»да Сурхондарё вилояти 1-ўринни, Қашқадарё вилояти 2-ўринни, Қорақалпоғистон 3-ўринни;

«Туризм-квест» ўйинида Сурхондарё 1-ўринни, Тошкент шаҳри 2-ўринни, Бухоро вилояти эса 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолибларга совринларни Туризм ва маданий мерос вазирлиги Оммавий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Заррина Абдуллаева, Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникатсиялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ва журналист, блогер Амирхон Умаровлар топширди. Шунингдек, бошқа вилоятлар ҳам ҳар бир йўналиш бўйича фаол иштирок учун рағбатлантирилди.

Қайд этиш жоизки, қурултойда чет давлатлардан ташриф буюрган ёшлар ҳам ўз иқтидорларини намойиш қилиб, ғолиблар қаторидан жой олишди.

Таъкидлаш керакки, Ёшлар туризми қурултойи кўтаринки кайфиятда ўтди. Мазкур қурултой Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан ташриф буюрган ёшлар учун янги танишувлар, ўзаро тажриба алмашиш имконини яратди. Ўзаро беллашувлар эса ёшлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлади. Ёшлар қурултойи умидли, иқтидорли ёшлар учун чинакам имкониятлар майдонига айланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг