Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш учун қандай имтиёзлар бор?

Қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш учун қандай имтиёзлар бор?

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари учун қурилмалар ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтганларидан бошлаб беш йил муддатга барча солиқ тўловларидан озод этилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси энертегика вазирлиги матбуот хизмати яна бир бор эслатиб ўтди.

Бу ва бошқа имтиёзлар мамлакатда қуёш, шамол ва қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭ) ёрдамида электр ва иссиқлик энергияси соҳасини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 22 майдаги «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунида белгилаб қўйилган.

Янги қонунда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган бошқа имтиёз ва преференциялар ҳам назарда тутилган. Хусусан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан, давлатга қарашли бўлмаган корхоналар эгаллаган ер майдонлари ҳамда қайта тикланадиган энергия қурилмалари (0,1 МВт ва ундан юқори номинал қувватга эга бўлган) учун мол-мулк ва ер солиғидан фойдаланишни бошлаганларидан бошлаб ўн йил муддатга озод этилади.

Шунингдек, турар жой биноларида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланадиганлар учун ҳам имтиёзлар тақдим этилиши кўзда тутилган. Яъни, мавжуд энергия ресурслари тармоқларидан тўлиқ узилган ҳолда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни бошлаган ойларидан бошлаб жисмоний шахслар мол-мулк ҳамда ер солиғидан озод этилади.

Бундан ташқари, қонунда ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар учун рухсатнома олиш талаб қилинмаслиги кўзда тутилган.

Қонун нафақат қайта тикланадиган энергия манбалари ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш билан боғлиқ жараёнларни, балки бу борадаги янги тушунчаларни ҳам тартибга солади. Мазкур қонунга кўра "қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилари қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган юридик ёки жисмоний шахслардир". Шундай қилиб, қабул қилинган янги ҳужжат қайта тикланадиган энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар сафини кенгайтириш, ушбу жараёнга хусусий капитални жалб этишни кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида ваколатлари қонуннинг 6-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчиларни, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмаларини ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тартибларини амалга оширади.

Унда шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, электр энергияси ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини ягона электр энергетикаси тизимига улаш регламентини қабул қилади.

Ушбу мақолада энергия ишлаб чиқарувчиларини ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари учун қурилмалар ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқариладиган энергия бозорида қулай рақобатбардошлилик ҳамда ишбилармонлик муҳити шакллантирилишини рағбатлантирувчи нарх ва тариф сиёсати ҳақида сўз юритилади.

Шундай қилиб, тадбиркорлик субъектлари ўртасида қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергияси, шунингдек, тегишли ускуналарни ишлаб чиқариш борасида рақобат муҳити юзага келади ва бу ўз навбатида ушбу соҳага инвестициялар, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш имконини беради. Мазкур жараён айни пайтда давом этмоқда, хусусан, қайта тикланадиган энергия манбалари объектларини қуриш бўйича ўтказилган тендернинг биринчи босқичида маҳаллий ва хорижий инвесторлар ва халқаро молия институтлари вакилларидан иборат 26 та компания иштирок этди. Соҳага бўлган бундай қизиқиш тобора ортиб бормоқда ва мазкур қонуннинг қабул қилиниши унинг кўлами янада кенгайишига хизмат қилади.

Қонун шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи қурилмалардан фойдаланиш, шу жумладан, уни сотиш билан боғлиқ турли босқичларнинг қоидаларини ҳам тартибга солади. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиш учун ишлаб чиқарувчилар блок-станция асосида ягона электр энергияси тизимига, шунингдек, таннарх асосида электр энергиясининг маргинал қийматини кўрсатиб, уланишлари мумкин. Шу билан бирга, қайта тикланадиган энергия қурилмаларини ягона электр энергия тизимига рухсатсиз уланиш ҳолатларига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта тикланадиган энергия манбалари давлат рўйхатини юритиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади. Ушбу амалиёт аҳолининг энергия ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини, биринчи навбатда, марказлаштирилган энергия етказиб бериш тизимларидан узоқда жойлашган ҳудудлар учун энергетика ва барқарор энергия таъминотини ривожлантиришни режлаштириш учун зарур бўлади.

ҚТЭдан ишлаб чиқариладиган электр энергияси тарифларига келсак, улар танлов савдолари асосида аниқланади. Бу омил шунингдек, у охирги истеъмолчилар учун электр энергиясининг умумий тарифларини шакллантиришга, шартномаларни тузишда рақобат ва ошкоралик таъминланишига хизмат қилади.

Қайд этиш керак, қайта тикланадиган энергия манбаларидан ва қайта тикланадиган энергия қурилмаларидан олинган энергия сертификатлаш асосида амалга оширилади. Энергия ва қурилмалардан шахсий эҳтиёжларни қондириш учун фойдаланилганда бу тартиб истисно этилади. Қабул қилинган қонун соҳада аҳоли ва жамоатчиликнинг тутган ўрнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради.

Хусусан, қонун энергия вазирлиги томонидан тақдим этиладиган қайта тикланадиган энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқаришни давлат томонидан тартибга солувчи механизм нафақат иқтисодиёт тармоқларида, балки маиший соҳада ҳам фақат энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни назарда тутади.

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича фаолиятда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқароларнинг иштирокига ҳам алоҳида ва катта аҳамият берилган. Яъни, улар ушбу соҳадаги ҳукумат ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок этишлари ҳамда тегишли жамоатчилик назоратини амалга оширишлари мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги барча муносабатлар ушбу қонун кучга кирган кундан бошлаб белгиланади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг