Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик келишуви қўл етгудек эди…» – Женева музокараси иштирокчиси

«АҚШ ва Эрон ўртасида тинчлик келишуви қўл етгудек эди…» – Женева музокараси иштирокчиси

Жорий йил 26 февраль куни Женевада Омон воситачилигида ўтган Эрон ва АҚШ музокараларида «сезиларли илгарилаш»га эриштлгани қайд этилган эди. Бироқ, якунда Исроил ва АҚШ Эронга ҳужум қилишга қарор қилишди.

Женевадаги музокараларда Султонлик томонидан вакил бўлиб иштирок этган Омон ташқи ишлар вазири Бадр Албусаиди «X» тармоғида қуйидагиларни ёзади.

22 феврал:

«Хурсандманки, АҚШ–Эрон музокаралари шу пайшанба куни Женевада ўтказилиши белгилаб қўйилди, келишувни якунлаш йўлида қўшимча саъй-ҳаракат қилиш учун ижобий туртки билан.»

26 феврал:

«Бугун Женевада ижодий ва ижобий ғоялар билан алмашдик ва ҳозир АҚШ ҳамда Эрон музокарачилари танаффус учун йиғилишни тўхтатишди. Биз бугунроқ яна давом этамиз. Қўшимча ютуқларга эришишга умид қиламиз.»

26 феврал:

«Биз АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда сезиларли илғорликдан сўнг кунни якунладик. Мос равишда пойтахтларда маслаҳатлашувдан сўнг тез орада қайтадан бошлаймиз. Венада техникавий даражадаги муҳокамалар келаси ҳафта бўлиб ўтади. Мен барча иштирокчилар – музокарачилар, МАГАТЭ ҳамда бизга мезбонлик қилган Швецария ҳукуматига ўз миннатдорлигимни билдираман.»

27 феврал:

«Бугун вице-президент Жей Ди Вэнс билан учрашдим ва АҚШ ҳамда Эрон ўртасида давом этаётган музокаралар ва ҳозиргача эришилган тараққиёт тафсилотларини баҳам кўрдим. Уларнинг иштирокидан миннатдорман ва яқин кунларда янада аниқ ва ҳал қилувчи илгарилашни кутмоқдаман. Тинчлик қўлимиз етадиган жойда турибди.»

28 феврал (Бадр Албусаиди «Face the Nation» дастурига музокаралар ривожи ҳақида ижобий интервью берган):

«Face the Nation» дастурида Маргарет Бреннан билан суҳбатлашиш яхши бўлди ва АҚШ билан Эрон ўртасида тинчлик келишуви ҳозир қўл етгудек яқин эканини тушунтирдим. Ядровий қуроллар йўқ. Ҳеч қачон. Захира тўплаш нол даражада. Тўлиқ текширув. Тинч йўл билан ва доимий равишда. Келишувни якунлашда музокарачиларни қўллаб-қувватлайлик.»

28 феврал (Исроил ва АҚШ Эронга ҳаво зарбалари берган кун): 

«Мен тушкунликдаман. Фаол ва жиддий музокаралар яна бир бор издан чиқарилди. Бу на АҚШ манфаатларига, на глобал тинчлик ишига хизмат қилади. Ва бу нотинчликдан азият чекадиган бегуноҳлар учун дуо қиламан. АҚШни масалага янада чуқур аралашиб кетмасликка чақириб қоламан. Бу сизларнинг урушингиз эмас.»

2 март:

«Мен шуни таъкидлаб айтмоқчиман – дипломатия эшиги ҳали ҳам очиқ. Женевадаги музокаралар Эрон ва АҚШ ўртасида мисли кўрилмаган келишув томон ҳақиқий илгарилашга эришди ва умидимиз урушдан қочиш эди. Аммо уруш тинчлик умидининг ўчиши кераклигини англатмайди. Мен ҳали ҳам бу можарони ҳал қилишда дипломатия кучига ишонаман. Музокаралар қанчалик тез қайта бошланса, ҳамма учун шунчалик яхши.»

Ўз навбатида, «Axios» нашри ҳам АҚШ Женевада Эрон билан бўлиб ўтган музокараларни Теҳронни Исроил билан қўшма ҳарбий амалиёт бошлашдан олдин ҳушёрликдан чалғитиш учун қилганини ёзди.

Нашр, шунингдек, Исроил ва АҚШ музокаралар бошланишидан 2 ҳафта аввал Эронга ҳужумлар борасида келишиб олганини иддао қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг