Дунёдаги энг ҳалокатли сув тошқинлари
Инсоният тарихи давомида сув тошқинлари миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган. Айниқса, аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, дарёларнинг тошиши, циклонлар ва дамбаларнинг бузилиши улкан фалокатларга дучор қилади. Қизиқ далил: тарихдаги энг ҳалокатли 4 та сув тошқинининг барчаси Хитойда юз берган.
1931 йил, Хитойдаги сув тошқинлари
Инсоният тарихидаги энг даҳшатли сув тошқини. Ўшанда бир вақтнинг ўзида Янгцзи, Хуанхэ ва Хуай дарёлари ўзанидан тошиб кетган. Узоқ давом этган кучли ёмғирлар, циклонлар ва қор эриши фалокатни янада кучайтирган.
Қурбонлар сони: тахминан 2 миллион нафаргача. Айрим манбаларда 4 миллионгача дейилади. Миллионлаб одамлар бошпанасиз қолган. Очарчилик ва эпидемиялар авж олган.
1887 йил, Хуанхэ (Сариқ дарё) тошқини
Хитойдаги машҳур Хуанхэ – тарихда “Қайғу дарёси” деб ҳам аталган. 1887 йилдаги тошқинда ушбу дарё ҳимоя деворларини ёриб ўтган. Оқибатда 900 мингдан 2 миллионгача одам ҳалок бўлди. Уларнинг катта қисми деҳқонлар эди. Минглаб қишлоқлар сув остида қолди.
1938 йил, Хуанхэ тошқини
Бу фалокат табиий эмас, балки уруш вақтида атайлаб келтириб чиқарилган. Япония армиясини тўхтатиш учун хитойликлар дарё дамбасини портлатган. Қурбонлар: 500 мингдан 900 минггача. Юзлаб шаҳар ва қишлоқлар кунпаякун бўлган. Миллионлаб одамлар қочқинга айланди.
1970 йил, Бҳола циклон тошқини
Ҳозирги Банглаадеш ҳудудида юз берган мазкур офат тарихдаги энг ҳалокатли тропик циклонлардан бири ҳисобланади. 300-500 минг киши ҳалок бўлган. Улкан сув тўлқини бутун-бутун қишлоқларни ювиб кетган, дейилади. Ўшанда аҳолини огоҳлантириш тизими жуда заиф эди.
1975 йил, Банцяо дамбаси ҳалокати
Хитойдаги кучли ёмғирлар натижасида Банцяо дамбаси бузилиб кетган. Яна бир неча дамба кетма-кет қулаган. Катта ҳудуд сув остида қолган. Қурбонлар ҳақида маълумотлар қўрқинчли: 26 мингдан 240 минг нафаргача.
Ушбу фалокат инсон қурган иншоотлар қанчалик хавф туғдиришини кўрсатган эди.
1953 йил, Шимолий денгиз тошқини
Бир неча ҳудудни кучли денгиз бўрони босиб кетган. Нидерландиянинг катта қисми сув остида қолган. 2 мингдан ортиқ одам ҳаёт билан видолашган. Кейинчалик машҳур “Delta Works” муҳофаза тизими барпо этилди.
1999 йил, Венесуэла сел тошқини
Кучли ёмғирлар тоғлардан улкан сел оқимларини келтириб чиқарди. Маҳаллалар таг-туги билан йўқ бўлди.
Ушбу табиий офат туфайли минтақанинг географияси ўзгариб кетди. Қурбонлар сони 10-30 минг киши бўлгани айтилади.
Нега сув тошқинлари ҳалокатли бўлади?
Асосий сабаблари аҳолининг дарё бўйларида зич яшаши, дамба ва ҳимоя тизимларининг етарли эмаслигидир. Шунингдек, кучли циклон ва муссонлар, огоҳлантириш тизимининг сустлиги ҳам сув тошқинларига тўсқинлик қилолмайди.
Мутахассисларнинг фикрича, иқлим ўзгариши сабабли келажакда экстремал ёғингарчиликлар янада кучайиши мумкин.
Акбар Анваров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter