Ҳиндистонда дунёдаги энг катта ҳайкал қуриляпти (фото)

Рекордчи-ҳайкалда Ҳиндистон мустақиллиги учун курашган, мамлакат конституцияси муаллифларидан бири — Валлабхаи Пател (1875 — 1950) тимсоли акс эттирилади.

Ҳайкал Гужарат штатидаги сунъий кўл ўртасида қуриляпти. Улкан конструкциянинг баландлиги 182 метрга етади. Бу бугунги кунда дунёда энг баланд ҳисобланган Будда ҳайкали (Хитой, Хэнан провинцияси)дан 54 метр баланддир.

«Бирлик» деб аталувчи ушбу қурилманинг умумий баландлиги пойдевори билан биргаликда 240 метрни ташкил этади. Ҳайкал учун 5700 тонна пўлат, 18500 тонна арматура, 22500 тонна бронза, 75000 куб метр бетон ишлатилади.
2017 йил ёзига қадар ҳайкал тиззасигача қуриб битказилди (59 метр), қуриш ишлари 2018 йил давомида тўлиқ ниҳояланиши режалаштирилган. Кечаю кундуз давом эттирилаётган қурилиш ишларига 2400 нафар ишчи жалб этилган.

Лойиҳанинг умумий қиймати 320 миллион долларга баҳоланмоқда. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг таъкидлашича, бу ҳайкал Ҳиндистоннинг халқаро нуфузини ошириб, Гужарат штатига сайёҳлар оқимини оширади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter