Макрон: АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужуми халқаро ҳуқуқ доирасида эмас
Франция президенти Эммануэль Макрон 3 март куни мамлакат халқига мурожаат қилиб, Яқин ва Ўрта Шарқдаги вазият кескинлашганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, минтақада бошланган ҳарбий қарама-қаршилик бутун дунё хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин.
Макроннинг айтишича, ҳозирги инқироз учун асосий масъулият Эрон Ислом Республикаси зиммасига тушади. У Теҳронни ядровий дастурни ривожлантириш, баллистик ракеталар имкониятларини кенгайтириш ҳамда минтақадаги қуролланган гуруҳларни қўллаб-қувватлашда айблади.
Шу билан бирга, Франция раҳбари АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий операциялари халқаро ҳуқуқ доирасида амалга оширилмаганини таъкидлади ва вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш зарурлигини билдирди.
Президентнинг сўзларига кўра, Франция ҳозир минтақадаги ҳарбий базалари, дипломатик ваколатхоналари ва фуқаролари хавфсизлигини кучайтирган. Айни пайтда Яқин Шарқ мамлакатларида бўлиб турган тахминан 400 минг нафар француз фуқаросини эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Макрон Франция ўз иттифоқчилари — Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Иордания ва Ироқ хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳам чоралар кўраётганини айтди. Шу мақсадда минтақада қўшимча ҳарбий кучлар, жумладан ҳаво мудофаа тизимлари ва қирувчи самолётлар жойлаштирилмоқда.
Франция президенти, шунингдек, «Шарль де Голль» авиаташувчиси бошчилигидаги ҳарбий-денгиз гуруҳи Ўрта ер денгизи томон йўл олганини маълум қилди.
Макроннинг таъкидлашича, ҳозирги шароитда асосий мақсад — вазиятни янада кескинлаштирмаслик ва минтақада дипломатик музокараларни қайта тиклаш орқали барқарор тинчликка эришишдир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter