Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёдгоров Сурхонга кетганди. Нима гаплар?

Ёдгоров Сурхонга кетганди. Нима гаплар?

Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров бошчилигида олий маҳкама судьялари, вилоят суди раисилари Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани ва Термиз шаҳар халқ қабулхоналарида аҳоли билан очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўтказилди.

Сайёр қабуллар хўжакўрсинга ўтказилмаётгани, унда кўпгина фуқароларнинг муроди ҳосил бўлиб, хонадони қувончга тўлаётганини эътироф этмаслик инсофдан бўлмайди. Аниқ мисол: билиб-билмай жиноятга қўл уриб, пушаймонлик ўтида ёнаётганларнинг кўплари тайинланган жазони енгиллаштириш учун пойтахтга келиб, идорама-идора чопишаётгани йўқ. Суд органлари масъуллари ўзлари жойларга чиқиб, уларнинг муаммосини тинглаяпти, амалий ечимлар топиб, қонун доирасида масалани жойида ҳал этишяпти ҳам.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, икки кунлик сайёр қабулда 108 нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.

Шундан 23 нафар фуқаронинг шикоят аризаси назорат тартибида ўрганиш, 7 нафар фуқаронинг аризаси эса, вилоят ва туманлараро судларида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди. 38 нафар фуқарога мурожаати юзасидан қонуний тушунтириш берилди. 40 нафар фуқаронинг муаммоси жойида ҳал қилинди: 6 нафар (1 аёл ва 5 эркак) жазони ўташ муассасидан озод қилиниб, оиласига қайтарилди. 34 нафар шахс аҳлоқ тузатиш иши, озодликдан чеклаш каби жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди.

Бундан ташқари сайёр қабуллар жараёнида вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» маркази ходимлари билан ҳамкорликда нотинч оилалар аъзолари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Очиқ мулоқотда оиланинг муқаддаслиги, фарзанд тарбиясида тутган ўрни ҳақида батафсил тушунтириш берилди ва «Фарзанд омонат»  ва «Ота»  номли видеофильмлар намойиш этилди. Натижада олтита низоли оила тикланди. Шунингдек, мурожаатчиларнинг алимент ундириш, болалар тарбияси ва уй-жой билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг