Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Лондонда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари учрашади

Лондонда Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари учрашади

26 февраль куни Лондонда Буюк Британия ҳамда Марказий Осиёнинг беш давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари иштирокида учрашув ўтказилади. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.

Нашр мухбирининг ёзишича, Буюк Британия парламенти Қуйи палатасининг Ташқи ишлар қўмитаси уч йил аввал эълон қилган «Йўл айрилишидаги давлатлар: Британиянинг Марказий Осиёдаги иштироки» номли ҳисоботида Лондон сиёсати «етарли эмас», «реактив» ва «қисқа муддатли вазифаларга қаратилган» деб баҳоланган.

Қўмита ҳукуматни аниқ ва қадриятларга асосланган сиёсат ишлаб чиқишга чақирган. Шунингдек, Россия ёки Хитой билан бевосита рақобатлашиш ўрнига, Марказий Осиё раҳбариятига «муқобил имкониятлар» таклиф қилиш зарурлиги таъкидланган.

Нашр, таҳлилчилар фикрига таяниб, Британиянинг минтақадаги қизиқиши кучайишига бир неча омил таъсир қилаётганини ёзади. Украина уруши ва унинг геосиёсий оқибатлари, Россия таъсирининг қайта баҳоланиши, Хитойнинг иқтисодий фаоллигининг ўсиши ҳамда энергетика, минерал ресурслар ва меҳнат миграцияси масалалари, шулар жумласидан.

«Хусусан, Украинадаги урушдан сўнг Британия қишлоқ хўжалигида ишчи кучига эҳтиёж ортиб, фермер хўжаликлари Марказий Осиёдан ишчилар жалб эта бошлади.

Лондонда ўтадиган учрашув Британиянинг минтақадаги ролини қайта кўриб чиқиш ва алоқаларни институционаллаштиришга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда. Бироқ экспертлар таъкидлашича, Британия Россия ва Хитой устун бўлган майдонда ўз ўрнини топиши учун аниқ стратегия ва узоқ муддатли ёндашув талаб этилади», – деб ёзади BBC.

Маълумот учун, айни кунларда Лондон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация, жумладан,  Буюк Британия инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд, «Standard Chartered» банки бош директори Саиф Малик ҳамда «Benoy» компанияси бош директори Том Картлежлар билан учрашувлар ўтказди.

Манба: t.me

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг