Ўзбекистонда гуманоид роботлар ишлаб чиқарилади
Тошкентдаги «Янги Авлод» махсус саноат зонасида гуманоид роботлар ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарадиган завод қурилишига старт берилди. Мазкур тадбир бешинчи юбилей Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилди.
Пойдеворга биринчи ғишт қўйиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Илзат Касимов, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён ҳамда «ROBOTIS» компанияси президенти Ким Бёнг Су иштирок этдилар.
1999 йилда асос солинган Жанубий Кореянинг «ROBOTIS» компанияси автоном робототехника соҳасида жаҳон етакчиларидан бири саналади. Активлари 2,5 млрд долларини ташкил этувчи ушбу йирик корхонанинг АҚШ, Япония ва Хитойда ваколатхоналари мавжуд. Компания технологияларидан Amazon, Microsoft, Apple, NASA, Google, Samsung ва BMW каби дунёга машҳур гигантлар кенг фойдаланиб келмоқда.
«Ушбу стратегик лойиҳа Ўзбекистон саноатини юқори технологиялар босқичига олиб чиқади. Лойиҳа доирасида мингдан ортиқ малакали янги иш ўринлари яратилиши, шунингдек, илғор халқаро тажрибанинг трансфер қилиниши кутилмоқда. Бу эса мамлакатимизни Марказий Осиёда робототехника бўйича етакчи марказга айлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади», — дейилади Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабарида.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter