Ўзбекистон–Япония: стартаплар йўналишида ҳамкорлик имконияти мавжуд
Тошкентда “Стартаплар ва ахборот технологиялари тараққиёти бўйича Япония тажрибаси: Ўзбекистон учун имкониятлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Япония ОТМ битирувчилари клуби (UJUAC) томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва стартап экотизимини ривожлантиришда Кунчиқар ўлка ютуқларидан фойдаланиш, ўзаро тажриба алмашув имкониятлари муҳокама этилди.
Япониянинг ташқи савдо бўйича ташкилоти (JETRO) Тошкент офиси бош директори Юта Итиносэ Кунчиқар ўлканинг глобал миқёсда ютуққа эришган стартаплари тадрижи, эришилган натижа ҳамда хулосалар ҳақида гапирди.

“Фаолият йўналишининг ўзгариши муваффақиятсизлик аломати эмас, балки ўсиш стратегиясининг муҳим босқичидир. Аниқ йўналишга эга бўлмаган, ўта кенг миқёсдаги ёндашувдан қочинг, зеро, муваффақиятга эришишда мақсадли ва манзилли бозорни белгилаш катта аҳамият касб этади. Глобал акселераторлар (стартапларни интенсив қўллаб-қувватлашга қаратилган фаолият – таҳр.) ва сармоядорлар шунчаки капитал тақдим этиб қолмай, сизга муҳим тармоқлардан фойдаланиш имкониятини ҳам очади”, – дейди Юта Итиносэ.
Маълумот ўрнида: JETRO Япония иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги давлат агентлиги бўлиб, Япония ва жаҳон иқтисодиётини боғлашда муҳим ўрин тутади. Агентлик дунёнинг 56 мамлакатида 76 та офисга эга. JETROнинг стартапларни қўллаб-қувватлаш дастурларида 2000 дан зиёд стартап қатнашган.
UEnter инновация маркази директори Олег Рижиченко Ўзбекистонда стартапларнинг ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилди.

“Ўзбекистоннинг стартап экотизими Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган экотизим деб баҳоланмоқда. 2020-2025 йилларда 750 дан ортиқ маҳаллий стартап рўйхатга олинган. Бундан ташқари, дунё бўйлаб Ўзбекистон ватандошлари амалга ошираётган 100 зиёд стартап мавжуд. Эътиборга молик жиҳати, стартап асосчиларининг аксари 30 ёшгача бўлган шахслардир”, – дейди UEnter инновация маркази директори.
Тадбирда Японияда таҳсил олган ва айни пайтда Ўзбекистонда IT, инновациялар, яшил иқтисодиёт сингари йўналишларда фаолият юритиб келаётган юртдошларимиз соҳа ривожи бўйича экспертлик фикрларини тақдим этдилар.
Муҳокамаларда Ўзбекистонда венчур компаниялари ва стартаплар соҳасида қонунчилик базасини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда стартаплар шиддат билан ўсаётгани, бу борада Япония билан ҳамкорлик ижобий натижа бериши таъкидланди.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февраль ойида Ўзбекистон президентининг “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Мамлакатимизда мактабларда стартапларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллиард сўм грант ажратилиши белгиланган.
Таҳлилларга қараганда, маҳаллий стартаплар катта миқдорда хорижий инвестицияни жалб этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter