Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий интеллект ишга кириш суҳбатидан ўта олмади

Сунъий интеллект ишга кириш суҳбатидан ўта олмади

Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари кундалик ҳаётимизга чуқур кириб бориб, матн ёзиш, код тузиш ва турли саволларга тезкор жавоб беришда катта ёрдамчига айланди. Бироқ нейротармоқлар ҳақиқатдан ҳам инсон ўрнини тўлиқ эгаллай оладими? Шу саволга жавоб топиш мақсадида олимлар сунъий интеллект учун ўзига хос «ишга кириш имтиҳони»ни ўтказишди.

Тадқиқотдан кўзланган асосий мақсад — замонавий моделларнинг фақатгина тайёр маҳсулот тайёрлаш ёки саволларга жавоб бериш қобилиятини эмас, балки реал ҳаётий ва амалий вазифаларни мустақил равишда қай даражада ҳал эта олишини текшириш эди. Синов жараёнида нейротармоқлар чинакам мутахассис каби мураккаб, кўп босқичли жараёнларни бошқара олиш салоҳияти бўйича синовдан ўтказилди.

Натижалар эса кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Имтиҳон давомида барча етакчи моделлар энг мураккаб ва ностандарт топшириқларни бажаришда жиддий тўсиқларга дуч келиб, энг оғир босқичларда 0 фоизлик натижа кўрсатишди. Бу эса сунъий интеллект ҳали инсон мантиғи, креатив ёндашуви ва кутилмаган вазиятларда мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларидан анча йироқда эканини яққол намоён этди.

Мавжуд моделлар орасида энг яхши кўрсаткични қайд этган вариант ҳам муаммони тўлиқ ҳал эта олмади. Жумладан, энг илғор ҳисобланган тизим энг оғир вазифаларни четлаб ўтиб, умумий топшириқларнинг атиги 24 фоизини бажаришга муваффақ бўлди холос.

Экспертларнинг фикрича, ушбу тадқиқот сунъий интеллект соҳасида ҳали қилиниши керак бўлган ишлар беҳисоб эканини кўрсатди. Биз учун кучли ва қулай ёрдамчига айланган СИ инсоннинг ўрнини тўлақонли эгаллаши учун ҳали кўп эволюцион босқичларни босиб ўтиши лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг