FT: Исроил разведкаси Хоманаийни Теҳрондаги йўл камералари орқали кузатган
Исроил разведкаси Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаийнинг ҳаракатларини аниқлаш учун Теҳрондаги йўл кузатув камераларига кириш имконига эга бўлган. Бу ҳақда Financial Times нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, Исроил махсус хизматлари бир неча йил давомида тўпланган разведка маълумотлари асосида операцияни амалга оширган. Манбаларнинг айтишича, Теҳрондаги айрим йўл камералари бузиб кирилган ва улардан олинган тасвирлар шифрланган ҳолда Исроилдаги серверларга юбориб турилган.
Камералардан бири Хоманаийнинг Теҳрондаги Пастер кўчасида жойлашган қароргоҳи атрофидаги автотураргоҳни кузатиш имконини берган. Бу орқали разведка ходимлари қўриқланадиган мажмуа қандай ишлашини ва унинг хавфсизлик тартибларини ўрганишга муваффақ бўлган.
Манбаларнинг таъкидлашича, Исроил Хоманаий қароргоҳи атрофида жойлашган бир нечта мобил алоқа минораларининг айрим қисмларини ҳам ишдан чиқарган. Бу эса қўнғироқ қилинганда телефонлар банд бўлиб кўринишига сабаб бўлган.
Натижада хавфсизлик хизмати эҳтимолий таҳдидлар ҳақидаги огоҳлантиришларни қабул қила олмаган.
«Биз Теҳронни Иерусалимни билгандек яхши ўрганиб чиққан эдик. Агар бирор жойни болалигингиздан билган кўча каби яхши билсангиз, у ердаги ҳар қандай ғайритабиий ҳолатни дарҳол пайқайсиз», – деган Исроил разведкасида ишлайдиган манбалардан бири нашрга.
Аввалроқ The New York Times нашри ҳам Хоманаий бир неча ой давомида АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) томонидан кузатилганини хабар қилган.
Маълум қилинишича, 28 февраль куни эрталаб Хоманаий қароргоҳида Эроннинг юқори лавозимли амалдорлари иштирокида учрашув ўтказилиши режалаштирилган бўлган.
Манбаларга кўра, МРБ Хоманаийнинг жойлашуви ҳақидаги «юқори ишонч даражасига эга» маълумотни Исроилга тақдим этган. Бу маълумотлар асосида Исроил бир неча ой тайёрланган махсус операцияни амалга оширган.
Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқдаги кескинлик 28 февраль куни Исроил ва АҚШ Эрон ҳудудидаги объектларга зарбалар берганидан кейин янада кучайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter