Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳизбуллоҳ» Исроил базаларига зарба берди, Исроил Ливанда кенг кўламли ҳужум бошлади

«Ҳизбуллоҳ» Исроил базаларига зарба берди, Исроил Ливанда кенг кўламли ҳужум бошлади

Фото: AFP

Ливандаги қуролли ҳаракат «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг бир нечта ҳарбий базаларига зарба берганини маълум қилди. Бу ҳақда ҳаракат вакиллари сешанба куни хабар тарқатди.

Маълум қилинишича, ҳужумлар Исроилнинг Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» позицияларига берган зарбаларига жавоб сифатида амалга оширилган. Зарба берилган объектлар орасида Байрут жанубида жойлашган таянч нуқталар ҳам бор.

«Ҳизбуллоҳ» маълумотига кўра, зарбалар дронлар ёрдамида Исроил шимолидаги «Рамат Давид» ҳарбий авиабазаси ва «Мерон» кузатув базасига берилган. Шунингдек, ҳаракат Исроил назоратидаги Голан тепаликларида жойлашган «Нафах» ҳарбий базасига ракета ҳужуми уюштирилганини ҳам билдирди.

Ҳаракат вакиллари бу ҳужумлар «Ливаннинг ўнлаб шаҳар ва қишлоқларига қарши амалга оширилган Исроил тажовузига жавоб» эканини таъкидлади.

Ҳужумлардан сўнг Исроил Ливан ҳудудига кенг кўламли зарбалар берди. Исроил авиацияси Байрутнинг жанубий туманлари ва мамлакат жанубидаги бир қатор объектларга ҳужум қилди.

Ливан расмийлари маълумотига кўра, ҳужумга учраган ҳудудларда тахминан 29 минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Исроил армияси шу билан бирга Ливан жанубида бир нечта нуқтага қўшин жойлаштирилганини маълум қилди. Бу ҳаракатлар чегара бўйлаб «илғор мудофаа чоралари» сифатида изоҳланди.

Исроил ҳарбийлари ҳужумнинг янги босқичи бошланганини эълон қилди. Унга кўра, Теҳрон ва Байрутга бир вақтда зарбалар бериш амалиёти амалга оширилмоқда.

Байрутнинг жанубий туманларида бир неча бинога кетма-кет ҳаво зарбалари берилган. Ҳодиса жойида катта тутун устунлари осмонга кўтарилгани кузатилган.

«Ҳизбуллоҳ»га қарашли «Ал-Манор» телеканали ҳаракатнинг Байрутдаги қароргоҳига тунги ҳужум амалга оширилганини маълум қилди. Шунингдек, Исроил «Ал-Нур» радиостанцияси офисига ҳам зарба бергани хабар қилинди.

Исроил мудофаа вазири Исроил Кац армияга Ливандаги стратегик нуқталарни эгаллашга рухсат берилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу чоралар Исроил чегарасидаги аҳоли пунктларига ҳужумларни олдини олишга қаратилган.

Ливан президенти Жозеф Аун Исроил зарбаларини кескин қоралади ва мамлакатни урушга тортишга уринишдан огоҳлантирди.

Шу билан бирга, у Ливан ҳукумати «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий фаолиятини тақиқлаш тўғрисида қабул қилган қарор ўзгармаслигини таъкидлади.

«Ҳизбуллоҳ» эса ўз навбатида давлатнинг «сионист душманга қарши ожизлигини» танқид қилди.

Эслатиб ўтамиз, Исроил операциялари душанба куни «Ҳизбуллоҳ»нинг Исроилга ҳужумидан кейин бошланган. Ҳаракат бу ҳужумни Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий ўлими учун қасос сифатида амалга оширганини айтмоқда.

Исроил ҳарбийлари Ливандан учирилган бир нечта снарядлар очиқ ҳудудларга тушганини, улардан бири ҳаво мудофааси тизими томонидан йўқ қилинганини билдирди. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг