Исроил АҚШни Трампга қарши янги суиқасд режаси ҳақида огоҳлантирди
Исроил АҚШ ҳукуматига Эрон томонидан президент Дональд Трампга қарши янги суиқасд режаси тайёрланаётгани ҳақида разведка маълумотларини тақдим этди. Бу ҳақда The Wall Street Journal ва CNN ўз манбаларига таяниб хабар қилди.
Манбаларга кўра, Исроилнинг огоҳлантириши жорий ҳафтада Вашингтонга етказилган. АҚШ разведкаси сўнгги ҳафталарда ҳам Трампга қарши эҳтимолий таҳдидлар ҳақида маълумотлар олиб келган, аммо Исроил томонидан берилган маълумот аниқ бир эҳтимолий суиқасд режасига оид янги маълумотларни ўз ичига олган.
Ҳозирча мазкур режанинг тафсилотлари очиқланмаган. АҚШ расмийлари ҳам бу маълумотни ҳали мустақил равишда тасдиқламаган. Шу билан бирга, айрим америкалик амалдорлар Исроилнинг бу огоҳлантириши Вашингтонни Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ундаш мақсадида берилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
Бу хабар АҚШ ва Исроил ўртасида Эрон масаласида қарашлар фарқланаётган бир пайтда тарқалди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяҳу Эронга қарши ҳарбий босимни сақлаб қолиш тарафдори бўлса, Дональд Трамп можарони дипломатик йўл билан якунлаш истагини билдириб келмоқда. Икки давлат раҳбари 9 июл куни телефон орқали мазкур вазиятни муҳокама қилди.
Эрон расмийлари эса йиллар давомида 2020 йилда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ зарбасида ўлдирилгани учун Дональд Трампдан қасос олиш ҳақида бир неча бор баёнот бериб келган. Трампнинг ўзи ҳам Анқарада бўлиб ўтган НАТО саммитида ҳаётига Эрон томонидан таҳдидлар сақланиб қолаётганини яхши билишини айтган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter