Reuters: Эрон Хитойдан юзлаб кўчма ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олмоқда
Эрон яқин ҳафталар ичида Хитойда ишлаб чиқарилган 300–400 та кўчма ҳаво мудофаа тизими (MANPADS)нинг биринчи партиясини қабул қилиши кутилмоқда.
Reuters агентлиги манбаларига кўра, 60–70 миллион долларлик шартнома Эроннинг АҚШ ва Исроил билан бўлган урушдан кейин қисқа масофали ҳаво мудофаа салоҳиятини тиклашга қаратилган энг йирик харидларидан бири ҳисобланади.
Хабарда қайд этилишича, келишув QW-12 ва FN-16 туридаги елкада кўтариб юриладиган зенит-ракета мажмуаларини ўз ичига олади. Нашр маълумотига кўра, шартнома Гонконгдаги воситачи компания орқали тузилган.
Бироқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги ушбу хабарларни рад этиб, уларни «бутунлай асоссиз» деб атади ҳамда Пекин можарони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини билдирди.
Шунингдек, Покистон армияси ҳам қуроллар ўз ҳудуди орқали Эронга етказилиши ҳақидаги маълумотларни ёлғон деб баҳолади.
Reuters таъкидлашича, мазкур маълумотлар расмий тасдиқланмаган бўлиб, етказиб бериш муддати ва ҳажми ҳали ўзгариши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter