Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина нега Москвадаги Wildberries омборларига ҳужум қилди?

Украина нега Москвадаги Wildberries омборларига ҳужум қилди?

Фото: Exilenova+

Украина томонидан Москва вилояти ва Тамбов вилоятида жойлашган Wildberries логистика марказларига уюштирилган дрон ҳужумлари кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳодиса оқибатида инсонлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган, минглаб тадбиркорларнинг товарлари эса ёнғинда йўқ бўлган.

Украина президенти Владимир Зеленский ҳужумлар Россиянинг логистика инфратузилмасига қаратилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, нишонга олинган логистика марказларида дронлар ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмлар ҳамда навигация ускуналари сақланган. Шунингдек, у бу ҳужумларни Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига берган зарбаларига жавоб сифатида баҳолади.

Россия томонининг маълум қилишича, ҳужумлар оқибатида Тамбов вилоятидаги логистика марказида камида 8 нафар инсон ҳалок бўлган, 50 дан ортиқ киши жароҳатланган. Москва вилоятидаги Электростал шаҳридаги йирик логистика марказида ҳам кучли ёнғин юз берган.

Электросталь логистика маркази Wildberries'нинг энг йирик объектларидан бири ҳисобланади. Унинг майдони 360 минг квадрат метрдан ортиқ бўлиб, минглаб ходимлар фаолият юритган. Тамбов вилоятининг Котовск шаҳридаги логистика маркази эса 2025 йилда ишга туширилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 54 миллионгача товарни сақлаш имкониятига эга.

Ҳужумлар натижасида омборларда сақланган минглаб сотувчиларнинг товарлари ҳам ёниб кетган. Бироқ Wildberries компанияси бундай ҳолатда компенсация тўламаслигини маълум қилди. Компания июль ойи бошида сотувчилар билан тузилган шартномага ўзгартиш киритиб, дрон ҳужумлари, ҳарбий ҳаракатлар ва фавқулодда вазиятларни форс-мажор ҳолати сифатида белгилаган. Шу боис бундай вазиятларда етказилган зарар учун маркетплейс жавобгар бўлмайди.

Бу қарор ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. Кўплаб сотувчилар ўз товарларини суғурталашга улгурмаганини, натижада миллионлаб рубллик зарарга учраганини билдирмоқда.

Оммавий ахборот воситаларида келтирилаётган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ёнғинлар оқибатида етказилган умумий зарар 50 миллиард рублдан ортиши, айрим экспертлар баҳосига кўра эса 100 миллиард рублгача етиши мумкин. Бироқ мазкур рақамлар ҳозирча расман тасдиқланган эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг