Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муҳим: энди чиқинди тўловлари фақат кўрсатилган хизмат учун амалга оширилади

Муҳим: энди чиқинди тўловлари фақат кўрсатилган хизмат учун амалга оширилади

2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилди.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг маълум қилишича, мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади.

Истеъмолчилар (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

Онлайн тўлов тартиби қуйидаги афзалликлар билан муҳим саналади:

  • исталган жойда ва вақтда амалга ошириш мумкин;
  • банкка бориш ва навбатда туриш шарт эмаслиги билан вақтни тежайди;
  • ҳисобни осон текшириш ва назорат қилиш мумкин;
  • тўлов чекларини онлайн юклаб олиш мумкин;
  • хизмат кўрсатиш жараёнида шаффофликни таъминлаш баробарида хизмат учун ноқонуний тўлов ундириш, ундирилган маблағларни кирим қилмасдан ўзлаштириш ҳолатларини бартараф этиш орқали соҳада яширин иқтисодиёт ҳамда коррупсион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлардан тушган маблағлар бевосита Агентликнинг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.

Жамланган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўлаш белгиланган субъектлар (санитар тозалаш корхоналари, полигонлар, чиқинди ёқиш заводлари, экосаноат ҳудудлари ва бошқалар)га алоҳида тартибга мувофиқ ҳисобга олишнинг ягона тизими орқали:

  • санитар тозалаш корхоналарига қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонига ёки чиқиндиларни қайта юклаш пунктларига топширгани учун (алоҳида тартиб асосида тонна/километр ҳисобида);
  • чиқинди полигонларига/чиқиндиларни қайта юклаш пунктига/чиқиндиларни ёқиш заводига чиқиндиларни қабул қилгани ва утилизация қилгани учун (тонна ҳисобида);
  • экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субектларига (ҳар бир тоннаси учун) белгиланган тартибда тўлаб берилади.

Натижада маблағларнинг мақсадли сарфланиши, тизимда молиявий интизом ва назоратнинг кучайтирилиши таъминланади. Қолаверса, ҳар ой якуни билан хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари баҳолаб борилади.

Баҳолаш натижасида санитар тозалаш корхоналари «қизил», «сариқ» ва «яшил» тоифаларга ажратилади. Мазкур тоифалар санитар тозалаш корхоналари учун ҳақ тўлашда инобатга олинади. Яъни самарадорлик кўрсаткичи юқори баҳоланган «яшил» тоифадаги санитар тозалаш корхоналарига «қизил», «сариқ» тоифадагиларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўланади. Бу тартиб санитар тозалаш корхоналарининг KPI кўрсаткичлари асосида аниқланади.

Таъкидланишича, мазкур тартиб санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматга яраша муносиб ҳақ тўланиши ва хизматлар сифатининг оширилиши баробарида аҳоли розилигига эришишга ҳамда циркуляр иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.

Манба: gov.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг