Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сунъий равишда ҳомила туширишга қасд қилган шифокорга суд ҳукми ўқилди

Сунъий равишда ҳомила туширишга қасд қилган шифокорга суд ҳукми ўқилди

Фото: «ongefest.ru»

Инобат Ёрқулова (исми-шарифи ўзгартирилган) — жиззахлик. Туппа-тузук акушер-гинеколог. «Икки дунё чегарасида» турган қанча аёлнинг жонига оро кирмаган дейсиз.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида қабулига Саодат исмли ёш жувон келди денг. Қорни яхшигина қаппайиб қолган Саодат унга ҳасрат қилдики, турмушим нотинч, ётиқдошим билан бирга яшамаяпман ҳисоби, ҳомиламни олдириб ташласам...

Инобат Ёрқулова текишириб кўрса, ҳомила беш ойлик (28-29 ҳафталик) бўлиб қолибди: «аборт» қилиш мумкинмас. Бу ҳақда ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирининг махсуси бўйруғи бор. Унда 22 ҳафтадан ошган ҳомилани (айрим ҳолатларни истисно эканини айтмаса) тўхтатиш тиббий нуқтаи назардан мумкин эмаслиги алоҳида қайд қилинган...

Бироқ шифокор бу ҳақда ҳатто ўйлаб ўтирмади: икки миллион сўм эвазига «иш ҳал этилиши» мумкинлигини айтди. Келишдилар. Аввалига «но-шпа»,«парацетамол» таблеткаларини бериб, Саодатни туғилмаган гўдагидан жудо қилишга тайёрлади. Бу жараёнда «хизмати» учун аввал уч юз минг сўм, кейинроқ етти юз минг сўм олди.

Ҳаммаси бир маромда кетиб, пулни қолганини олаётганда шифокор тегишли орган ходимлари томонидан қўлга олинди.

«Аборт операцияси» шифокор учун тузоқмиди? Ҳомила тушириш ўта шахсий ва хусусий ҳолат. Бунақа ишлар пинҳона қилинади одатда. Тиббий нуқтаи назардан мумкин бўлмаган «аборт»ларни тузоқсиз фош қилиш қийин. Чунки, ўртада мулк ёки пул эмас, икки жоннинг ҳаёти турибди. Демак, бу каби жиноятлар фош этишда эътиборни воситага эмас, оқибатга қаратиш муҳимроқ. Бошқа гаплар ортиқча.

...Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг «Xabar.uz» маълум қилишича, Инобат Ёрқуловага қонун доирасида жазо тайинланибди. Қўшимча жазо тариқасида унинг муайян муддат соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилгани алоҳида қайд қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг