Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд орқали ундириладиган солиқлар бўйича энг кам қарз 25 фоизга оширилди

Суд орқали ундириладиган солиқлар бўйича энг кам қарз 25 фоизга оширилди

Президентнинг 2018 йил 26 декабрдаги қарори билан ундирувни солиқ тўловчиларнинг мол-мулкига қаратиш учун солиқ бўйича қарзларнинг энг кам миқдорлари тасдиқланди. Бу ҳақда «Норма» хабар бермоқда.

Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор солиқлар ва (ёки) бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаган тақдирда солиқ органи 3 кун ичида қарзни сўндириш ҳақида талабнома юборади. Айни шу 3 кун ичида солиқ тўловчининг ҳисоб-китоб счётларига инкассо қўйилади.

Агар талабнома олинган пайтдан бошлаб 10 кун ичида қарз узилмаган, банк эса счётларда пул йўқлиги сабабли инкассо топшириқномасини бажармаган бўлса, солиқ қарзи ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси асосида солиқ тўловчининг дебиторларидан (қарздорларидан) ундирилиши лозим. Бу ҳам натижа бермаса, солиқчилар юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг бошқа мол-мулки ҳисобидан қарзни сўндириш мақсадида судга мурожаат қиладилар.

Фуқаролар билан ундирув таомили осонроқ кечади – дарҳол судга мурожаат қилинади.

Бироқ чеклов мавжуд: агар қарз муайян миқдорга етмаган бўлса, солиқ органлари судга даъво аризаси бера олмайдилар. 2018 йилда у юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари учун 20 ЭКИҲни, фуқаролар учун эса 5 ЭКИҲни ташкил этган. Аниқ пул суммасига қайта ҳисоб-китоб қилиш чоғида йил бошидаги ЭКИҲ – 172 240 сўм қабул қилинган. 2019 йилда Президент қарори билан ЭКИҲ индексацияланиши ҳисобига қайта ҳисоб-китоб қилинадиган суммалар белгиланди, бу қоида амалда қўлланилишини осонлаштирди.

 Ўсиш динамикаси – жадвалда:

Солиқ тўловчининг тоифаси

2018 йилда энг кам қарз

2019 йилда энг кам қарз

Солиқ кодексига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари

3 444 800 сўм

4 054 600 сўм (+25%)

Жисмоний шахслар

861 200 сўм

1 013 700 сўм (+25%)

Бу – муҳим! Солиқ органларига бир ойда 2 ЭКИҲ доирасидаги солиқ қарзини фуқароларнинг пластик карталаридан сўзсиз (судсиз) ундириб олиш ҳуқуқини берадиган Низом ҳали қабул қилинмади. Марказий банк лойиҳа юзасидан ўз эътирозларини билдирди.   

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 28 декабрдан кучга кирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг