Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Bukhara City» шаҳарнинг тарихий қисмидан 6 километр узоқликда қурилади

«Bukhara City» шаҳарнинг тарихий қисмидан 6 километр узоқликда қурилади

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига кўра, Бухоро шаҳрида самарасиз саноат ҳудудида замонавий янги мажмуа —  «Bukhara City» бунёд этиш амаллари бошланди.

«Bukhara City» мажмуаси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Франция, Испания, Туркия, Озарбайжон ва Россия каби мамлакатларнинг тарихий шаҳарлари ҳамда уларда барпо этилган янги бунёдкорлик объектларини жойлаштириш усуллари чуқур ўрганилган.

ЮНЕСКО Умумжаҳон маданий мерос маркази талаблари ва халқаро шаҳарсозлик қоидаларини яхши тушунадиган маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда,  «Bukhara City» мажмуасини қуриш учун Бухоро шаҳрининг тарихий қисмига мутлақо таъсири бўлмаган 6 км узоқликдан жой танланган.

- Янги мажмуани қуриш учун Ҳукуматнинг 2019 йил 8 июлдаги  «Бухоро шаҳрида «Bukhara City» замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Бухоро шаҳрида аҳоли яшаш уйлари мавжуд бўлмаган, 15-20 йилдан буён бўш турган ва фаолияти самарасиз бўлган бир қатор йирик саноат корхоналари жойлашган 83 гектар ўлчамдаги ҳудуд белгиланди. Узоқ йиллардан буён эътибордан четда қолган, чанг-тўзонли майдонда шаҳарнинг кўркига кўрк қўшувчи янги замонавий ҳудуд бунёд этилишига мустаҳкам замин яратади,-деди Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камолов.-Объект жозибадорлигини ошириш, уни миллий меъморчилик, қолаверса, халқаро андозаларга мос равишда барпо этиш ва салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш мақсадида мажмуа бош режаси лойиҳа менеджери сифатида, Туркиянинг  «Studio Vertebra» компанияси ва қурилиш соҳаси ривожланган давлатларнинг лойиҳалаш компаниялари танланди.

Бухоро шаҳрининг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчалари оралиғида бунёдга келиши мўлжалланган  «Bukhara City» мажмуаси ҳудудида замонавий меҳмонхоналар, ресторанлар, театр, кинозаллар, офислар, банклар, бизнес марказлар, савдо ва маиший хизмат шахобчалари, клиника, мактаб, болалар боғчалари, спорт объектлари ва турар жойлар қад ростлайди.

 «Bukhara City» мажмуасини қуриш учун 500 миллион доллар кийматидан ортиқ инвестиция жалб қилинади ва бунинг эвазига 10 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг