Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон авиакомпанияси Ўзбекистон бозорига жиддий қизиқмоқда: монополияга чек қўйиладими?

Қозоғистон авиакомпанияси Ўзбекистон бозорига жиддий қизиқмоқда: монополияга чек қўйиладими?

Фото:«Xabar.uz»

30 май куни Қозоғистоннинг «Air Astana» авиакомпаниясининг «Самрук-Казина» ва «BAE Systems» фондлари ҳамкорлигида ташкил этилган «FlyArystan» лоукастери Олмаота­­­—Чимкент йўналишида илк парвозини амалга оширди.

Ушбу рейсни кузатиш ва ёритиш мақсадида бевосита ўзбек журналистлари ҳам таклиф этилди.

Фото:«Xabar.uz»

Ривожланиб бораётган қўшни давлатдаги авиация тизими, аэропортлари, хизматлари ва энг асосийси, парвоз нархлари барчага қизиқарли бўлиши табиий. Айниқса, монопол «Ўзбекистон ҳаво йўллари» нархларни пайдар-пай ошириб бораётган шароитда қўшниларда авиапарвозлар анча арзон экани ҳақидаги маълумотлар қулоққа чалинади. Олмаота ва Чимкентга сафар давомида бу ҳақда бир қанча маълумотларга эга бўлдик.

Дастлаб таъкидлаш жоиз, Қозоғистонда бир эмас, бир нечта авиакомпания бор. Улардан етакчилари — «Air Astana», «Bek Air», «Qazaq Air» кабилар саналади. Авиакомпаниялар ўртасида йўловчи учун рақобат, хизматлар сифатини кенгайтиришга ҳаракат кучли.

Олма-Ота ва Чимкент орасидаги парвоз вақти 1 соату 20 дақиқани ташкил этди. Ушбу рейс учун билетларнинг энг арзони 4999 Қозоғистон тенгесидан бошланади (тақрибан 110 минг сўм).  Солиштириш учун: «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Тошкент-Урганч йўналишининг учиш вақти 1 соату 30 дақиқани ташкил этиб, энг арзон билет нархи 528 минг сўмдан бошланади.

Демак, бизнинг монопол авиаташувчимиз Қозоғистон лоукастеридан бир неча баробар қимматга тушяпти. Маълумот учун, ўртача иш ҳақи Қозоғистонда 481 доллар, бизда эса меҳнатга энг кам ҳақ тўлаш миқдори қарийб 60 долларни ташкил этади.

Халқаро йўналишларни гапирмай қўяқолайлик.

Ҳаво кемаси Чимкент шаҳрига келиб қўнгач, шаҳар аэропортида маҳаллий ва хорижий журналистлар, Чимкент шаҳар ҳокими Габидулла Абдураҳимов, «Air Astana» компанияси директори Питер Фостер иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда қайд этилишича, Ўзбекистон билан географик жиҳатдан яқин бўлган Чимкент шаҳридан Тошкентга авиақатновларни ривожлантириш масаласи кенг кўриб чиқилмоқда.

Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»
Фото:«Xabar.uz»

Матбуот анжуманидан сўнг «Air Astana» компанияси директори Питер Фостер ўзбекистонлик журналистларга махсус интервью берди.

«Ўзбекистон улкан йўловчи потенциалига эга. Оддийгина солиштирув: Қозоғистонда 20 миллионга яқин одам яшаса, Ўзбекистонда 33 миллиондан зиёд аҳоли бор. Мен Қозоғистонда 4 йилдан бери яшайман, Марказий Осиё ҳақида анча-мунча тасаввурларим бор. Бизнинг «Air Astana» авиакомпаниямиз Ўзбекистон бозорида фаол иштирок этишни мўлжалламоқда. Бу бўйича бир қанча келишувларга эришиши учун ҳаракат қилмоқдамиз, ҳатто Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси ташаббусимизни қўллаб, ёрдам қўли чўзишини маълум қилди. Албатта, бу Ўзбекистоннинг иқтисодий жараёнларига ижобий таъсир этади деган умиддаман. Биз йўловчиларга ҳамёнбоп нархларни таклиф этамиз. Масалан Чимкентга Олмаотадан арзон тарифлар 4999 тенге (13 доллар)дан бошланади. Сўнгги маълумотларга кўра, йўловчиларимизнинг қарийб 50 фоизи самолётда ҳаётида илк бор парвоз қилмоқда. Бу мижозларимиз сони ошаётганидан дарак беради.

Ўзбекистоннинг ички йўналишлари ҳам катта йўловчи салмоғига эга. Мамлакат ичида ҳам рейсларни йўлга қўйиш ниятимиз бор», —дейди Питер Фостер.

Питер Фостер, «Air Astana» авиакомпанияси директори. Фото:«Xabar.uz»

Хуллас, «Air Astana» авиакомпанияси Ўзбекистонга жиддий қизиқмоқда. Жаноб Фостернинг мамлакатимиз ҳақида тўлқинланиб гапирганини ўзи шундан далолат беради.

Ҳозирда Тошкентдан Қозоғистонга ушбу компаниянинг бир қатор рейслари мавжуд. Янги компаниялар келиб, чипталар нархи тушса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам нархларни аҳолининг реал даромадидан келиб чиқиб белгиласа, энг муҳими, монополия деган бало йўқолса, одамларимиз ҳам  тез-тез самолётда учадиган (ички рейсларда ҳам), туризм ва бизнес олдинга силжиган, Россияга кетаётган фуқароларимиз хавфсизлиги таъминланган бўларди. Ўша кунлар келишига умид қилишда давом этамиз.

Зора...

Улуғбек Орипов,
Тошкент-Олмаота-Чимкент-Тошкент

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг