Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шуҳрат Ғаниев дам олиш куни йиғилиш ўтказди. Ҳолатга расмий муносабат билдирилди

Шуҳрат Ғаниев дам олиш куни йиғилиш ўтказди. Ҳолатга расмий муносабат билдирилди

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқдаги телеграм каналда 2021 йилнинг 18 апрель, яъни якшанба куни соат 18:00 да Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев раҳбарлигида қишлоқ ҳўжалиги масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилаётганлиги маълум қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан Меҳнат вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддасига мувофиқ, ишдан ташқари иш вақтида ҳамда дам олиш кунларида ходимлар ишга жалб қилинганда уларга мазкур ташкилотнинг жамоа шартномасида белгиланган, лекин камида икки ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланиши лозим.

Ёҳуд ишдан ташқари иш вақтида ёки дам олиш кунида ишга жалб қилинган ходимларга иш соатларига мутаносиб равишда отгул (қўшимча дам олиш куни) берилган бўлса, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорида меҳнат ҳақи тўланади.

Жорий йилнинг 18 апрель куни ўтказилган видеоселекторда иштирок этган барча ташкилот ходимлари ўз меҳнат вазифаларига кирадиган масалалар юзасидан дам олиш кунида ишга жалб қилинган.

Вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида тегишли ҳокимият, вазирлик ва идораларга дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштириш ҳамда тегишли тўловларни амалга ошириш юзасидан огохлантириш хатлари берилган.

Шу билан бирга, вазирликнинг Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ҳозирги кунга қадар ишдан ташқари ва дам олиш кунларида ходимларни ишга жалб қилиш юзасидан 300 дан ортиқ мониторинглар ўтказилган бўлиб, ўрганишлар давомида қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида ташкилот ва идораларга 150 дан ортиқ ёзма кўрсатмалар киритилган.

Ҳурматли иш берувчи ва ходимлар! Юқоридаги назарда тутилган меҳнат қонунбузилишлари юзасидан мурожаат қолдириш ҳамда қўшимча тушунтириш олиш мақсадида вазирликнинг 71-200-06-00 ишонч телефонига, 1176 қисқа рақамига, www.dmi.mehnat.uz сайтига ҳамда вазирликка ёзма равишда мурожаат қилишингиз мумкин, – дейилади вазирлик муносабатида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг