Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиззахда энг намунали Сардорлар Кенгаши аниқланди

Жиззахда энг намунали Сардорлар Кенгаши аниқланди

“Камалак” болалар ташкилоти томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Энг намунали Сардорлар Кенгаши” кўрик-танловининг Жиззах вилоят босқичи ўтказилди. Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, Сардорлар Кенгаши томонидан олиб борилаётган ижтимоий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва келажакда уларнинг мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган етук кадр бўлиб етишларига кўмаклашиш мақсадига қаратилган “Энг намунали  Сардорлар Кенгаши” кўрик-танлови энг намунали туман-шаҳар Сардорлар Кенгашини аниқлади.

Жиззах шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтган кўрик-танловда вилоятнинг барча туман-шаҳарларидан ташриф буюрган 13 жамоа баҳслашди. Танловда жамоалар “Бу бизнинг фаолият”, “Бизнинг имкониятларимиз!”, “Интеллектуал ринг” шартлари бўйича беллашди. Бунда туман-шаҳар сардорлар кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш, тажриба алмашиш, етакчилик ва ташаббускорлик қобилиятини намоён этиш, янги-янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

“Бу бизнинг фаолият” дея номланган илк шартга кўра, жамоалар кейинги ўқув йилида амалга оширмоқчи бўлган лойиҳалари ва фаолиятларини бадиий чиқишлар орқали таништиришди. “Бизнинг имкониятларимиз” деб номланган иккинчи шартга кўра, иштирокчи жамоалар болалар орасида мавжуд муаммоларга ечимни ўз янги лойиҳалари билан топишлари лозим эди. Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов туманлари ҳамда Жиззах шаҳри Сардорларининг ижтимоий лойиҳасида айни бугунги кун муаммолари кўтарилгани, ижтимоий аҳамияти жиҳатидан болалар муаммоларини ҳал қилишга қаратилгани билан эътиборга сазовор бўлди.

“Интеллектуал ринг” шартида иштирокчи жамоаларнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий билимлари синовдан ўтказилди. Бунга кўра, улар ҳакамлар томонидан тақдим этилган 10 та саволга жавоб беришди. Шартга ақлий баркамоллик билан киришган жамоалар билими юқори баҳоланди. Янгиобод, Зарбдор туман сардорлар Кенгаши бу шартда илғорликни қўлдан бермади.

— Барча таълим муассасаларида ташкилотнинг энг қуйи бўғини — “Камалак” болалар ташкилотининг синф ва мактаб Сардорлар Кенгаши фаолият юритади, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари, вилоят “Камалак” болалар ташкилоти раиси Шоҳида Даманова. — Шунингдек, ҳар бир туман, шаҳарда турли йўналишларда 18 нафар аъзони бирлаштирган Сардорлар Кенгаши фаолият олиб боради. Бугун туман-шаҳарларда фаолият юритаётган Сардорлар Кенгашининг энг намунали, ташаббускор ва фаоллари аниқланди. Кўрик-танловнинг “Интеллектуал ринг” шартига анча мураккаб бўлган саволларни танладик. Чунки бугунги иштирокчилар оддий ўқувчи эмас, сардор ўқувчилар. Шартларда айрим жамоалар ўзига қўйилган вазифани аъло даражада уддалаган бўлса, айрим туман жамоалари саволларга жавоб топишда бироз иккиланишди. Асосийси, сардорлар Кенгаши аъзолари ўзаро тажриба алмашиб, ўз фаолиятидаги камчиликларни ҳис қилиб, уларни бартараф этишга ҳаракат қилди.

Қизғин баҳс-мунозара остида ўтган кўрик-танловда Ғаллаорол туман сардорлар Кенгаши 1-ўринни, Фориш ва Зарбдор туманлари сардорлар Кенгаши 2-ўринни, Янгиобод тумани ҳамда Жиззах шаҳар сардорлар Кенгаши 3-ўринни қўлга киритди. Ғаллаорол сардорларининг “Ғаллаорол юлдузлари” жамоаси кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.   

Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш мақсадини кўзлаган  “Камалак” болалар ташкилотининг ёрқин лойиҳаларидан бири сардорлар учун тажриба мактаби бўлди. Асосийси, мазкур кўрик-танлов сардорлар кенгаши аъзоларининг ютуқ ва тажрибаларни таҳлил қилиш, ўзаро тажриба алмашишида қулай имконият яратди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг