Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бобур Наби

Фиқрачилар фирқасиданман!

«Ўзбекконцерт» бадиий кенгашидан ўтмаган клиплар «ЗўрТВ»да «айланиб» ётибди

«Ўзбекконцерт» бадиий кенгашидан ўтмаган клиплар «ЗўрТВ»да «айланиб» ётибди

Кадр: «Зўр ТВ»

Бир зарурат туфайли бир ҳафта уйда дам олишимга тўғри келди. Дам олиш ҳам қандай бўлишини қисман сезиб турибсиз: бекорчилик. Асосан ухлайман ва ҳар замонда телевизор кўраман. Энг қизиғи, кўпинча «ЗўрТВ»ни томоша қиламан негадир.

Хуллас, 24 майдан ҳозирги кунга қадар соат 13:00-14:00 ва 18:00-19:00 оралиғида эстрадамизнинг «ёрқин юлдузлари» иштирокидаги клиплар намойиш этиларкан. Анчадан бери қўшиқ эшитмай қўйгандим, кўрдим. Жаҳонгир Позилжонов ва Умидахон Ашхобод сайилгоҳига бағишлаб ашула айтишибди. Энди уни клипда кўрсангиз жуда чиройли бўлиб кетаркан, айниқса, кечаси. Лекин нархлари сал «арзонроқ» экан-да, кириш атиги 3 минг сўм. Бу мавзуга ҳали алоҳида тўхталамиз.

«Ашхобод»дан кейин «Via Marokand» гуруҳи «Турист» деган қўшиғини бошлади. Клип аввали ёқди, лекин нақоратини эшитиб, ҳушёр тортдим: тара-пам, тара-рама-рама-памми-ей. Шошма дедим ўзимга. Ахир бу клип «Ўзбекконцерт» бадиий кенгашидан ўтмаганди-ку! Алоҳида йиғилиш қилиб, қўшиқ матнида маъни йўқлиги учун рад этилгани ҳақида хабар ҳам берилганди.

Кадр: «Зўр ТВ»

Ундан кейинги намойиш этилган клип ҳам худди шундай: Жасур Мавлонов ижросида. Унинг таронаси ҳам бадиий кенгашдан ўтмаганди, лекин «Ўзбекконцерт» қўшиқ номини келтирмаган.

Демак, қўшиғи худди шу кенгашдан ўтмаган Фарҳод Саидов бекорга куюнмаган экан. Бадиий кенгаш йиғилишида Фарҳод Саидовнинг «Жимир-жимир» номли қўшиғи матни савияси паст бўлгани боис рад этилган эди.

Лекин Фарҳод Саидов алоҳида интервью бериб, бу сўзлар халқ оғзаки ижодидан олингани ҳамда халқ оғзаки ижодини савиясиз дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ҳақида гапириб берган эди.

Қизиқ, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси қошидаги бадиий кенгашнинг обрўси борми ўзи? Бадиий кенгаш аъзолари ким? Ёки «ЗўрТВ» уларни назарига илмайди, ёки «ЗўрТВ» телевидение сирасига кирмайди. Яна бошқа вариант ҳам бор: бадиий кенгаш тасдиғидан ўтмаган клиплар қаерларда намойиш этилмаслиги керак? Умуман, бу бадиий кенгаш нима учун тузилган? Бадиий кенгашдан ўтмасаю, лекин эфирларда кетаверса. Қизиқми?

Бу саволларга Маданият вазирлиги ва «Ўзбекконцерт» ДМ мутасаддилари жавоб ва изоҳ беради деган умиддаман.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг