Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Автобусга қўшимча йўловчи олиндими? Хабар беринг

Автобусга қўшимча йўловчи олиндими? Хабар беринг

Ҳозирда автомобиль инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида янги автовокзал ва автостанцияларни қуриш, мавжудларини реконструкциядан чиқариш, ҳудудларда оралиқ бекатларини барпо этиш, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларини ҳам жамоат транспорти қатнови билан қамраб олиш, туманлараро ва шаҳарлараро йўналишларда, туман маркази билан олис қишлоқлар ўртасида замонавий транспорт хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 10 май куни тўлиқ қайта реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилган «Тошкент» автовокзалида замон талабларига мос сервис хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, кунига 2000 мингдан ортиқ йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиб келинмоқда. Йўловчиларни шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида тузилган «Uzautotrans Service» миллий корхонаси томонидан ҳозирда 14 та маҳаллий шаҳарлараро йўналишларда ва 5 та халқаро йўналишларда автобус қатновлари амалга ошириб келинмоқда. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида нафақат вилоят марказлари балки йўловчи оқими катта бўлган туманларга ҳам мунтазам автобус қатновлари ташкил этилмоқда. Шу бугунги кунга қадар корхона томонидан жами 84 144 нафар йўловчи ташилган бўлиб, кунига 55 та қатнов амалга оширилмоқда.

Бироқ афсуски гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, автовокзал ходимлари ва автобус ҳайдовчилари орасида бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, ҳамон эскича фикрлашдан халос бўла олмаётган ходимлар ҳам учраб турибди. Бу каби ходимларнинг ўз ишига нохолис ёндашуви, чипталарнинг ноқонуний савдоси билан шуғулланиши, ҳайдовчиларнинг эса белгиланган йўналишлардан четга чиқиши, йўналиш паспортида кўрсатилмаган ҳудудларда тўхташи, сафар вақтида йўл-йўлакай автобус салонига қўшимча йўловчиларни олаётгани каби салбий ҳолатлар учраб турибди. Бу эса ўз навбатида йўловчиларнинг ҳақли эътирози ва норозилигига сабаб бўляпти.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида транспорт вазирлиги инспекторлари томонидан доимий равишда рейд тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, корхона ишчи, ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Бироқ, афсуски шу каби ҳаракатларга қарамасдан юқоридаги каби салбий ҳолатлар кундалик ҳаётимизда учраб турибди.

Транспорт вазирлиги ҳурматли йўловчилардан ўз сафарлари давомида автовокзал ходимлари ва автобус ҳайдовчиларининг шу каби хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлган тақдирда вазирликнинг (71) 202 55 22 ёки 1167 қисқа рақамли ишонч телефонларига мурожаат этишларини сўраб қолади. Шунингдек, Тошкент автовокзалининг (71) 207 87 00 ҳамда «Uzautotrans Service» корхонасининг (71) 207 87 02 рақамларига қўнғироқ қилиб ариза қолдиришингиз мумкин. Транспорт вазирлиги фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқага киришиш ва бевосита жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали, ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларга эришиш, ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг устувор йўналиши сифатида қарайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг