Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ички ишлар ходимини ўлдирган ака-укаларга суд ҳукми ўқилди

Ички ишлар ходимини ўлдирган ака-укаларга суд ҳукми ўқилди

Фото: «uznews.uz»

Ҳаддан ташқари кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиш инсонни манқуртга айлантиради, деган гап бежиз айтилмаган. Зотан, Избоскан тумани Чувама маҳалласида яшовчи фуқаро Абдусамат Жололов ҳам ичкилик туфайли бир неча дақиқа ичида жуда кўп нарсадан маҳрум бўлди, ҳаёти заҳар-заққумга айланди. Янада аянчлиси унинг ичкилик оқибатида ўйламай қилган хатти-ҳаракати натижасида укаси Санъатбек ва жияни Зуҳробиддин ҳам ҳаётининг маълум даврини қамоқда ўтказадиган бўлди.

Эндигина 31 ёшини қаршилаган, икки фарзанднинг отаси А.Жололов синфдош дўстлари билан бир дўстининг уйида тўйиб ароқ ичишади. Зиёфат тунгги соат бирга қадар давом этди. Улфатлар ярим тунда бақир-чақир билан кўчага чиқишди. Уйларига тарқалиш учун маҳалла гузарига келишди.

Шу пайт жамоат тартибини сақлаш мақсадида хизмат вазифасини бажариб юрган Избоскан туман ички ишлар бўлими тезкор вакиллари С.Якубов ва И.Ҳайдаров келиб қолади. Улар шовқин кўтариб, гаплашиб турган йигитлар олдига келиб, кеч бўлиб қолгани, уй-уйларига тарқалишлари кераклигини айтади. Ўта маст бўлган А.Жололов ички ишлар бўлими ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, орада жанжал бошланган. Ички ишлар ходимлари телефон орқали ҳудуд профилактика инспекторини, А. Жололов эса шеригининг телефони орқали укасини тезда маҳалла марказига етиб келишини сўрайди.

Нотаниш телефон рақамидан акасининг чақирганини эшитиб укаси Санъатбек, жияни Зуҳробиддинни чақириб, маҳалла гузарига етиб келади. Улар акасининг бир киши билан жанжаллашаётганини кўриб, ёрдамга шошишади. Уруш, жанжал оқибатида ички ишлар ходими С.Яқубов тан жароҳати олади, И.Ҳайдаров эса вафот этади.

Ўтган йилнинг кеч кузида бўлиб ўтган бу даҳшатли воқеа одамларнинг қалбини ларзага солган эди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди судьяси Улуғбек Каримов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида атрофлича ўрганиб чиқилган юқоридаги жиноий иш бўйича ҳукм чиқарилди.

Суд ҳукмига кўра, А.Жололов айбдор деб топилиб, унга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ушбу жиноятнинг содир этилишида иштирок этгани учун укаси йигирма тўққиз ёшли С.Жололовга 15 йилу 9 ой, эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган жияни З.Қобуловга 15 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинланди. Энди улар умрининг энг гўзал дамларини қамоқда ўтказишга мажбур.

Ота-онасининг дуосини олиб, фарзандларини тарбиялайдиган бир пайтда ичкилик, ожизлик, манманлик туфайли жиноятчига айланган бу инсонларнинг қилмиши, умуман, ана шу мудҳиш воқеа барчамизга ибрат бўлиши керак.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА

Манба: uza.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг