Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шомуродов яна катта саҳнага чиқди. Ўзбекистон сафарда Сингапурни енгди

Шомуродов яна катта саҳнага чиқди. Ўзбекистон сафарда Сингапурни енгди

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Ўзбекистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаши доирасида сафарда Сингапурга қарши майдонга тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ушбу учрашув Вадим Абрамов жамоаси учун осон кечмади ва кўкка совурилган кўплаб имкониятлар билан ёдда қолди.

Гарчи 15-дақиқадаёқ Одил Аҳмедов жаримадан зарба йўллаб, ҳисобни очган бўлса-да, кейинчалик ҳужумда ишлар у қадар юришмади. Бир қатор қулай вазиятлар кўкка совурилгандан сўнг биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқада ҳисоб тенглашди. Сингапур терма жамоасининг 20 ёшли иқтидорли ҳужумчиси Эҳсон Фанди бош билан ажойиб зарба йўллаб, ҳисобни тенглаштирди.

Иккинчи бўлимда катта саҳнага Элдор Шомуродов чиқди. У аввалига 51-дақиқада бош билан ажойиб зарба йўллаб ҳисобни Ўзбекистон фойдасига оширди. Элдорнинг иккинчи голидаги катта улуш Икром Алибоевга ажратилиши лозим. Алибоев ҳужумчимизни дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқариб юборди. Элдорнинг сўнгги голи кўча футболини эслатиб юборди — у дарвозабонни алдаб ўтди ва бўм-бўш дарвозага тўпни жойлаб қўйди.

Шу тариқа Ўзбекистон миллий терма жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

ЖЧ-2022 саралаши, 2-босқич
«D» гуруҳи, 4-тур
Сингапур - Ўзбекистон 1:3 (1:1)
Голлар: Эҳсан Фанди (45+1) — Одил Аҳмедов (15), Элдор Шомуродов (51, 90+2)

Сингапур: 01.Изван бин Маҳбуд, 08.Шаҳдан Сулаймон, 09.Ихсан Фанди (Габриел Куак 69), 11.Муҳаммад бин Аҳмад, 13.Ҳафиз Нор, 14.Ҳарисс Ҳарун (С), 16.Ҳами Сяҳин, 17.Ирфан Фанди Аҳмад, 20.Шавал Анвар, 21.Сафуван бин Баҳаруддин, 23.Зулфаҳми бин Арифин (Ирван Шаҳ Арисмайл 81)

Ўзбекистон: 01.Элдор Суюнов, 04.Фаррух Сайфиев, 05.Рустам Ашурматов, 20.Ислом Тўхтахўжаев, 03.Ҳожиакбар Алижонов, 13.Санжар Қодирқулов, 09.Одил Аҳмедов (С), 10.Жалолиддин Машарипов (Сардор Мирзаев 70), 07.Отабек Шукуров (Икром Алибоев 52), 17.Достон Ҳамдамов (Игорь Сергеев 90+2), 14.Элдор Шомуродов.

Огоҳлантиришлар: Шавал Анвар (31) — Жалолиддин Машарипов (57)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг