Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Алибаба» гуруҳи бош маслаҳатчиси: «Ўзбекистонда кечаётган ҳолатни Хитой ўз бошидан ўтказган» (видео)

Эртага, 14 октябрь куни пойтахтимизда «Алоқабанк» акциядорлик тижорат банки Пекин университетининг янги таркибий иқтисодиёт институти (INSE) билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда саноат парклари, кластерларнинг ривожланиши ва таркибий ўзгаришлар» мавзуида семинар ўтказади. Унда кўплаб халқаро ташкилотлар, Хитойнинг нуфузли институтлари, компанияларидан мутахассислар қатнаши кутилмоқда.

Фото: Xabar.uz

Меҳмонлар орасида «Алибаба» гуруҳи илмий-тадқиқот институтининг стратегик ҳамкорлик маркази бош маслаҳатчиси Уильям Ченг бор. Бугун Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ҳамроҳлигида жаноб Уильям Ченг пойтхатимиздаги IT-Парк фаолияти билан танишди.

Фото: Xabar.uz

«Алибаба» гуруҳи вакилига бу ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Давра суҳбатида АКТ вазири яқинда фаолиятини бошлаган IT-Паркни Марказий Осиёдаги энг илғор марказга айлантириш мақсад қилингани, бунинг учун дунёга машҳур «Алибаба» сингари етакчи компанияларнинг иш тажрибалари қўл келишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Фото: Xabar.uz

Ўз навбатида, «Алибаба» гуруҳи илмий-тадқиқот институтининг стратегик ҳамкорлик маркази бош маслаҳатчиси Уильям Ченг компания Марказий Осиё мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ўз бизнесини юритишга қизиқиши жуда катта эканлигини билдирди. У Ўзбекистон рақамли иқтисодиёт бўйича катта салоҳиятга эгалигини таъкидлаб, ҳамкорликда электрон маҳсулот айланишига алоҳида урғу берилиши, кадрлар ва иш тажрибалари алмашинувида ҳамфикр эканлигини маълум қилди.

Фото: Xabar.uz

Учрашувда келгусида кадрлар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш масалалари юзасидан батафсил фикрлар алмашинилди.

Тадбир сўнгида «Алибаба» гуруҳи илмий-тадқиқот институтининг стратегик ҳамкорлик маркази бош маслаҳатчиси Уильям Ченг «Хabar.uz» ахборот-таҳлилий портали учун қисқача интервью берди.

Фото: Xabar.uz

– Ҳозир Ўзбекистонда АКТ бозорида кечаётган ҳолатни Хитой ўз вақтида бошидан ўтказган. Йигирма йил олдин мамлакатимизда ахборот технологиялари, дата-марказлар, мобил алоқанинг ривожланишига кучли эътибор берилди. Натижада бу соҳада катта сакрашга эришилди, деб ўйлайман. Хўш, Рақамли иқтисодиётда катта ютуқларга эришиш учун нималарга эътибор бериш керак? Тўғрироғи, қандай шароит бўлиши зарур? Биринчидан, инфратузилма ривожланган бўлиши керак. АКТ йўналишида илмий-тадқиқот ишлари мунтазам олиб борилиши, яъни бозор ўрганилиши зарур. Энг муҳими, мижозларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатилиши шарт. «Алибаба»нинг ютуғи шундаки, мижозларга 24 соат хизмат кўрсатилади. Мисол учун, супермаркетдан олинган маҳсулот 30 дақиқада мижозга етказиб берилади. Компания харидор ва корхоналар раҳбарияти ўртасидаги алоқани таъминлашга, уларни биргаликда ишлашига ҳам алоҳида эътибор беради. Ҳозирда «Алибаба» платформасидан 600 миллион фойдаланувчи фойдаланади. Дунё бўйича компаниянинг мобил тўловларни амалга ошириш бўйича 1 миллиард мижози бор. Компания фаолиятида логистика биринчи ўринда турса-да, айни пайтда платформада спорт, соғлиқни сақлаш ва кийим-кечак етказиб бериш сингари йўналишлар ҳам устувор ҳисобланади.

Бугун Тошкентдаги IT-Парк фаолияти билан яқиндан танишдим. Менга маъқул бўлди. Умуман олганда, Ўзбекистонга биринчи келишим. Мактабда мамлакатингизнинг  қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ҳақида маъулумот олганмиз. Аммо олдин келишга ҳеч имкон бўлмади. Юртингизга келганимдан хурсандман. АКТ йўналишида ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишонаман, – деди Уильям Ченг.

Эслатиб ўтамиз, «Алибаба» компанияси интернет-тижорат бўйича дунёнинг етакчи компанияси ҳисобланади. 1999 йили ташкил топган компаниянинг штаб-квартираси Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида жойлашган, 50 минг нафардан зиёд ходимлари бор. «Алибаба» компанияси Нью-Йорк фонд биржасида савдо қилади. Бугунги кунда компаниянинг капитализацияси 500 миллиард АҚШ долларидан ошади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг