Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алламжонов яна бир ҳудудда ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ коррупцияни йўқотишга ваъда берди

Алламжонов яна бир ҳудудда ҳайдовчилик гувоҳномаси билан боғлиқ коррупцияни йўқотишга ваъда берди

Бугун Оҳангаронда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича «Тошкент вилояти имтиҳон маркази»нинг расмий очилиши бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирда ғоя муаллифи Комил Алламжонов, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мурод Шерлиев, журналист ва блогерлар иштирок этди.

Қатнашчилар олдида чиқиш қилар экан, Комил Алламжонов Тошкентда гувоҳнома олиш билан боғлиқ коррупцияга чек қўйилганига эътибор қаратди.

— Бугун Тошкентда гувоҳнома олиш билан боғлиқ коррупция ҳолатлари нолга тенглаштирилди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдаги турли қўнғироқлар, таниш-билишларни ишга солиш – буларнинг барчасига барҳам берилди. Ва бугун Тошкентда фақат билими борлар ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб, йўлга чиқмоқда. Мен бугун барча йиғилганлар олдида ваъда бераманки, келгусида Тошкент вилоятида ҳам қўнғироқлар ёки таниш-билишчилик орқали коррупцияга йўл қўйиш ҳолатларига чек қўйилади. Бу тизим айнан шу мақсадга хизмат қилади ва шундай натижани беради.

Очилган Марказ ҳар куни назарий имтиҳон топширишни истаган 600 нафардан ортиқ номзодни ва ҳайдаш маҳорати бўйича имтиҳон топширишни истаган 250 нафар кишини қабул қилиш имкониятига эга.

Ҳозирги пайтда Марказ хизматлари учун қуйидаги нархлар белгиланган:

  • биринчи маротаба назарий имтиҳон топшириш учун — 150 минг сўм;
    - назарий имтиҳон топширишга бўлган кейинги ҳар бир уриниш учун — 250 минг сўм;
    - назарий имтиҳондан сўнг дарҳол амалий имтиҳонни топшириш учун — 150 минг сўм;
    — амалий имтиҳон топширига бўлган кейинги ҳар бир уриниш учун —250 минг сўм.

Жараён тўлиқ автоматлаштирилган, бунда энг муҳим жиҳат электр энергияси билан узлуксиз таъминотнинг кафолатланганлигидир — Марказ ўз генераторига эга. Шу тариқа, мабодо ташқаридан электр энергияси ўчирилса, имтиҳонлар давом этади ва ҳеч бир маълумот йўқотилмайди. Юқори қувватли UPS эса узлуксиз кузатувни кафолатлаш имкониятини беради.

Яна бир муҳим жиҳатлардан бири Марказнинг инклюзивлигидир. Бу ерда имкониятлари чекланган одамларнинг эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Улар учун махсус автомобиль мавжуд, шунингдек, мос маиший шароитлар яратилган.

Марказга келган номзодга индивидуал QR-код берилади, бунинг натижасида у топшираётган имтиҳоннинг ҳар бир босқичи қайд этилади. Назарий имтиҳондан ўтиш учун 20 та саволдан камида 18 тасига тўғри жавоб бериш керак. Бунга 25 дақиқа ажратилади. Агар имтиҳоннинг ушбу қисми муваффақиятли топширилса, номзод ҳайдаш маҳоратидан имтиҳон топшириши мумкин. Кутиш залида унга кўрсатмалар берилади, шунингдек, қайси машқларни ва қандай кетма-кетликда бажариш кераклиги тўлиқ тушинтирилган видеокўрсатма ҳам мавжуд. Агар жарима баллари 99дан ошмаса, имтиҳон топширилган ҳисобланади. Агар амалий қисм топширилмаса, уни назарий имтиҳонни муваффақиятли топширган кундан бошлаб 2 ой ичида 7 кунлик оралиқ муддат билан бир неча марта қайта топшириш мумкин.

Амалий имтиҳонни топшириш учун учта майдонга бўлинган автодром мавжуд. Биринчи майдонда B, C ва D категорияси, яъни енгил автомобиллар, юк машиналари ва автобусларни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар имтиҳон топширади. Иккинчи майдонда эса А категорияси — мототранспортни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритишни истаганлар ўзининг амалий кўникмасини намойиш этади. Учинчи майдон BE, CE ва DE категорияси — тиркамали транспорт воситаларини бошқарувчилар учун мўлжалланган.

Автодромлардан имтиҳонларда, экспресс-курсларда тайёргарлик кўришда фойдаланилади, шунингдек, бу ерда бир марталик “Тест-драйв” хизмати ҳам мавжуд.

Имтиҳонларнинг ҳар иккала босқичини муваффақиятли топширгандан сўнг, сертификат берилади. Бу сертификат билан ЙҲХБга мурожаат қилиш керак. Сертификат ЙҲХБнинг маълумотлар базасида текширилгандан сўнг, ҳайдовчилик гувоҳномаси берилади.

Журналист ва блогерлар назарий ва амалий тестдан ўтиб, марказ фаолиятини шахсий тажрибасида текшириб кўришга муваффақ бўлишди. Вилоят раҳбари ҳам ўз билимларини синовдан ўтказди. Зойир Мирзаев рухсат этилган 99 жарима баллидан 80 балл тўплаб, имтиҳонни муваффақиятли топширди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг