Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИВ: «Кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда»

ИИВ: «Кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда»

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов, вазирликнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддинхон Бурхонов ҳамда ИИВ ЙҲХ бош бошқармаси масъуллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирга аксарият журналистлар жон-жон деб келганини айтинг. Нега десангиз, брифинг бошланмаёқ айрим масъуллар билан мухбирлар ўртасидаги баҳс қизиб кетдики, томонларнинг бир-бирларига айтадиган гапи кўп эканига шунинг ўзи далолат эди.

Масала асосан битта мавзу — «Йўл ҳаракати қоидалари»га киритилаётган ўзгаришлар, айниқса, барча автомототранспорт воситалари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт қилиб қўйилгани атрофида айланди.

Жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётган мазкур қоида шундоғича қолиб кетаверадими?

Тадбир тафсилотларига атрофлича тўхталиб ўтириш шарт эмасдай.

Вазир ўринбосари А.Бобохонов ахборот берар экан, асосий гап «кундузиям яқинни ёритувчи чироқлар ёқиб юриш» атрофида айланишини билибми, хуллас, асосий урғуни шу мавзуга қаратди. Қарор қачон қабул қилингани, қандай қабул қилингани, бунга туғилган эҳтиёждан тортиб, дастлабки натижаларигача — ҳамма-ҳаммаси ҳақида гапириб, янги қоидага билдирилаётган эътирозлар асоссиз эканини алоҳида таъкидлади. Бироқ гап охирида алоҳида қайд этдики, «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 138-банди (ўша, кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги) қайта кўриб чиқилмоқда!

Айни қоида кучга кирганидан ой ўтмай қайта кўриб чиқилаётгани, эътирозлар асоссиз эмаслигини мантиқан тасдиқлаб турибди. Демак, эътирозлар етарлича асосга эгаки, жорий этилган қоида қайта кўриб чиқилишини тақозо этмоқда. Бу яхши хабардан кичик белги, насиб... Бироқ қачон кўриб чиқилиши ва қандай ўзгартиш ёки қўшимча киритилиши эҳтимоли хусусида очиқ гапирилмади. Шунингдек, «138-банд қайта кўриб чиқилар экан, унинг амал қилиши тўхтатиб туриладими?» мазмунидаги қатор саволлар ҳам очиқ қолиб кетди. Чунки, вазир ўринбосари ахборот берасола узр айтиб, брифингни тарк этган бўлса, тадбирнинг очиқ мулоқот қисмида журналистлар саволларига жонли нишон бўлган мутасаддилар жавобидан «қарорни Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади, биз эмас» мазмуни уқилди, холос.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг