Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пули тўлангач, ҳам ойлаб машина чиқишини кутсанг, ҳам 85 фоиз пул тўлаш қайси ақлга сиғади?» – депутат

«Пули тўлангач, ҳам ойлаб машина чиқишини кутсанг, ҳам 85 фоиз пул тўлаш қайси ақлга сиғади?»  – депутат

Фото:«Xabar.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Ўзбекистонда машина олиш учун аввалдан 85 фоиз тўлов қилиш масаласини танқид қилиб чиқди.

«Ҳамма биладики, Узавтомоторс АЖ дилерлари билан автомашина сотиб олишда шартнома қийматининг камида 85 фоизини олдиндан тўлаш талаблари кўрсатилган.

Монополистнинг истеъмолчига диктовкаси шу қадар кучлики, ҳеч ким нега 85 фоиз олдиндан тўлов қилишим керак ўзи деб сўраб ҳам ўтирмайди.

Машина пули тўлангач, миниб кетилса-ку, майли, лекин пули тўлангач, ойлаб машина чиқишини кутсанг ҳам 85 фоиз пул тўлаш қайси ақлга сиғади?

Амалдаги қонунчиликка кўра, шартнома шартлари кучга кириши учун 15 фоиз олдиндан тўлов кифоя. Бу меъёрлар бундан 25 йил аввалги фармонда белгилаб қўйилган.

Айтишингиз мумкин, фармонда олдиндан тўловнинг энг кам миқдори 15% этиб кўрсатилган. Демак 50 фоиз ҳам, 85 фоиз ҳам, ҳатто 100 фоиз ҳам мумкин деб. Ҳа, шундай, лекин қонунга кўра бу томонларнинг ўзаро келишувига кўра белгиланади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунга кўра Товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Томонлар ўртасида шартнома нарсаси, миқдор, нарх ва бошқа муҳим шартлар тўғрисида келишувга эришилса, истеъмолчи билан ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ўртасида шартнома тузилган ҳисобланади.

Лекин Сиз Узавтомоторс АЖ билан 15 фоиз олдиндан тўлов шартларида автомашина сотиб олиш учун шартнома тузишга уриниб кўринг. Қонун бўйича бунга ҳақли бўлсангиз ҳам асло бунинг иложи йўқ, чунки улар монополист диктовкаси билан тузилган шартноманинг битта ҳарфини ҳам ўзгартиришмайди. Нега? Чунки у монополист.

Энди сиз масалан, мебель сотувчи билан шартнома тузинг, шартноманинг ҳар бир бандини сотувчи билан муҳокама қилиб, ўзаро келишув асосида белгилайсиз, бемалол 15 фоиз олдиндан тўлов билан мебель буюртма қила оласиз. Чунки сизда мебель олишда танлов бор.

Шунга шунчами, дейсизми? 85 фоиз олдиндан тўлов бу Узавтомоторс АЖ учун текин кредит, сиз учун эса ортиқча тўлов аслида.

Масалан, ўтган ҳафтада 2021 йил июнь ойида автомашина чиқариш шартларида (!) Лабо автомашинаси сотиб олиш учун шартнома тузиши мумкин эди (ҳозир салонларда Лабога шартнома қолмаган).

Яъни, 85 фоиз тўлов қилган харидор Лабони 8 ой кутади (яна +30 кун ҳам қўшилган). 76 миллион сўмлик Лабонинг 85 фоизи 65 млн.сўм бўлади. Ваҳоланки, харидор Лабо олишга шартнома тузиш учун 65 млн.сўм эмас, 11 млн.сўм тўлашга тўла ҳақли. Йўқ, Узавтомоторс АЖ монопол шартларини тиқиштириб, бунга асло рози бўлмайди. Натижада харидорнинг 54 млн.сўм пули 8 ойга музлайди, Агар шу пулни харидор энг паст ставка йиллик 14% устама билан банк депозитида 8 ой сақласа, камида 5 млн.сўм қўшимча даромадга эга бўлган бўларди. Бу дегани ўша 76 млн.сўмлик Лабо харидорга, 76 млн.сўм эмас, камида 81 млн.сўмга тушаяпти дегани.

Харидордан олдиндан 85 фоизлик тўлов олган Узавтомоторс АЖ нима қилади, аввало ўзининг пулига эмас, харидорнинг пулига автомашина ишлаб чиқаради, яна банклардаги депозитларда бир неча ой сақлаш эвазига даромад ҳам кўради.

Дарвоқе, Монополияга қарши кураш қўмитаси Узавтомоторс АЖ автомашиналари таннархини ҳисоблаганида харидорлардан 85 фоизлик тўлов ҳисобига йиғилган маблағларни монополистнинг банк депозитларига жойлаштиришдан олинган миллиардлаб даромадларни инобатга олганмикан?

Маълумот учун: Узавтомоторс АЖ (ДжиЭм Ўзбекистон АЖ) 2011 йилга қадар ҳам 15 фоиз олдиндан тўлов шартларида шартномалар тузиб келган.

Депутат сифатида Монополияга қарши кураш қўмитасидан Узавтомоторс АЖ дилерларидан автомашина сотиб олишда 85 фоизлик олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги қонунчилигимизга мувофиқлиги масаласини ҳам алоҳида ўрганиб чиқишни сўраб қоламан. Узавтомоторс АЖ эса олдиндан 85 фоиз тўлов эвазига шаклланган миллиардлаб бепул маблағлар ҳисобидан эга бўлаётган қўшимча даромадлари қай йўналишда сарфланаётганини очиқласа, ёмон бўлмасди»  -, дейилади депутат муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, Узавтомоторс АЖ яқиндагина Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан судлашиб, ғолиб чиққанди. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг