Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Шубҳалар тасдиғини топяпти...» – «UzAuto Motors» бўйича депутатлар сўровига Божхона қўмитаси махфий ҳужжат юборди

«Шубҳалар тасдиғини топяпти...» – «UzAuto Motors» бўйича депутатлар сўровига Божхона қўмитаси махфий ҳужжат юборди

Фото: Xabar.uz

«UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ томонидан импорт божи ва утилизация йиғими тўланмасдан автомашиналар импорт қилиши борасидаги гумонлар кучаймоқда.

Яқинда Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари (Р.Кушербаев, Д.Ғаниев, Б.Эшмурзаев) Давлат божхона қўмитаси раиси ҳамда Молия вазирига «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ учун автомашиналарни импорт қилишда импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилиш борасида Ҳукумат қарори ёки имтиёзли ҳуқуқ тақдим этилганлиги борасида батафсил маълумот бериш ҳамда мамлакат автомобил бозоридаги рақобат муҳитини яхшилаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида автомобиллар учун импорт божларини камайтириш масаласи бўйича ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб «депутатлик сўрови» юборилган эди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга кўра, кеча сўровга Давлат Божхона қўмитасидан жавоб келгани хабарини етказишган.

«Аммо жавобни қўлимизга беришмади. Чунки жавоб махфий ҳужжат сифатида юборилибди...

Тасаввур қилаяпсизми: жамиятни, жамоатчиликни қизиқтираётган, давлат ва жамият хавфсизлигига боғлиқ бўлмаган масалада бизнинг очиқ юбораётган сўровларимизга жавоблар махфий, қўмита раисининг нуқтаи назари ҳам махфий ва биз ундан фойдалана олмаймиз. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан.

Бошқалардан фарқли ўлароқ депутат фаолияти очиқ бўлиб, жамоатчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан ошкора мулоқотлар олиб боришни бурчимиз, деб билганимиз сабабли келгусида бизни қандайдир «қўрқинчли сир»ларни ошкор этиб, йўқ обрўсини туширишда айбламасликларини ҳохладик. Шундоғам пайт пойлаб туришибди.

Шу нуқтаи назардан қўлимизга олиш мумкин бўлмаса-да фақат танишиб, кейин жим юрилиши керак бўлган махфий жавоб билан танишишдан бош тордик.

Шу боис, бу сўровга жавоб олмадик, деб ҳисобласак ҳам бўлаверади.

Шубҳалар тасдиғини топиб бораяпти...

Катта эҳтимол билан Молия вазири ҳам жавобда шундай «приём» қўлласа керак. Кутамиз, лекин қайтиш йўқ.

Ҳозирча эса яшасин очиқлик, «яшасин» «UzAuto Motors» монополияси!», деб ёзади депутат Расул Кушербаев.

Депутат Дониёр Ғаниев ҳам Давлат божхона қўмитаси томонидан депутатлик сўровига юборилган жавоб махфий, яъни фақатгина танишиш учун белгиланганлиги ва жамоатчиликка ошкор қилиниши ёки маълумотлардан фойдаланиши мумкин эмаслиги учун танишиш ҳуқуқидан воз кечишганини қайд этди.

«Маълумотлар махфийлиги, ҳужжат билан танишмасдан ҳам, «UzAuto Motors» АЖ ва «Жиззах автомобил заводи» МЧЖлар томонидан импорт қилинаётган автомобилларга миллиардлаб сўмлик имтиёзлар берилаётганлиги борасидаги шубҳаларимизни яна бир бор тасдиқлади. Шундай экан, билмайин ҳам, куймайин ҳам дедик.

Мен ҳуқуқшунос эмасман, эҳтимол шу сабаб махфий ҳужжат ва маълумотларга қўйиладиган талабларни аниқ билмасман. Лекин, одатда давлат мустақиллиги, хавфсизлиги, мудофаа қобилияти, ички хавфсизлик ва тартибни сақлаш ёки давлат томонидан ҳимоя қилиниши лозим бўлган шахслар хавфсизлигига оид маълумотларгина махфий маълумотлар ҳисобланмайдими? Нега энди қандайдир тижорат ташкилотига берилаётган имтиёзлар махфий маълумот бўлиши, жамоатчиликка ошкор этилмаслиги керак? Шу махфий маълумотлар туфайли «UzAuto Motors» АЖ ва Монополияга қарши кураш қўмитаси ўртасидаги суд иши ёпиқ тарзда кўрилдими?

Афсус, саволлар кўп, лекин жавоблар йўқ...», дейди Дониёр Ғаниев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутатлар сўровига Бош прокуратура «UzAuto Motors» АЖда ўтказилган текширишда тўпланган ҳужжатлар бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатиш рад этилганини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг